Наманган шаҳридаги “Сумалак гузари” маҳалласини “оғир тоифа”даги ҳудудлар рўйхатидан чиқариш мақсадида кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Бугун маҳаллада муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини янгилаш ва аҳоли учун муносиб яшаш шароитини яратишга қаратилган ишлар жадал суръатларда давом этмоқда.
Лойиҳа доирасида 1,6 километр ички йўл асфальтланмоқда. Шунингдек, янги трансформатор пункти ўрнатилиб, 3,9 километр электр кабели тортилмоқда. Ҳудудда 220 та бетон электр таянчи ва 150 та замонавий ташқи ёритиш чироғи ўрнатилмоқда. Айни пайтда 4,3 километр ичимлик суви тармоғини реконструкция қилиш ишлари ҳам олиб борилмоқда.
Наманган шаҳри ҳокими Аюбхон Камолов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ маҳалладаги қурилиш ва ободонлаштириш ишларининг бориши билан танишди. Шунингдек, аҳоли билан очиқ мулоқот ўтказилиб, фуқароларнинг таклиф ва мурожаатлари тингланди.
Учрашув давомида кўтарилган масалаларни тезкор ҳал этиш, қурилиш ишлари сифатини таъминлаш ҳамда белгиланган вазифаларни ўз вақтида бажариш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.
Комплекс янгиланишлар якунлангач, “Сумалак гузари” маҳалласини “оғир тоифа”даги ҳудудлар рўйхатидан чиқариш, аҳоли учун янада қулай ва хавфсиз яшаш муҳитини яратиш ҳамда маҳалла инфратузилмасини янги босқичга олиб чиқиш режалаштирилган.
