Наманган шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхонасининг Наманган шаҳар бўлимида навбатдаги сайёр қабул ўтказилди.
Унда шаҳар ҳокими, Халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгаши депутати Аюбхон Камалов томонидан 61 нафар фуқаронинг мурожаатлари, таклиф ва муаммолари атрофлича кўриб чиқилди. Қабул жараёнида мурожаатларнинг 23 таси тегишли мутасаддилар иштирокида шу жойнинг ўзида ижобий ҳал этилди.
Қўшимча ўрганиш ва маълум вақт талаб этадиган масалалар юзасидан масъул ташкилот ҳамда идораларга аниқ топшириқлар берилди. Мурожаатларни қонунчилик талаблари асосида кўриб чиқиш ва уларнинг ижросини таъминлаш бўйича вазифалар белгилаб олинди.
Сайёр қабул давомида аҳолини қийнаётган ижтимоий, коммунал ва бошқа долзарб масалалар муҳокама қилиниб, уларнинг ечими бўйича амалий чора-тадбирлар белгиланди.
Бундай учрашувлар фуқаролар билан тўғридан-тўғри мулоқотни мустаҳкамлаш, жойлардаги муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва ҳал этиш имконини бермоқда. Энг муҳими, аҳоли мурожаатларига тезкор муносабат билдириш ва уларнинг қонуний манфаатларини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
