Исматуллоҳ Абдуллоҳ – маънавий хазинабон

Postni ulashish:

Наманган шаънини улуғлаганлар

(10.03. 1927 – 16.03.2005)

«…Исматулла Абдуллаев қўл урган соҳа – X-XI асрлар Шарқ мумтоз адабиёти тадқиқотчидан биринчи навбатда эски ёзув – араб ва форс тилларидаги манбаларни чуқур билишликни тақозо этади. Бу масалада Исматулла Абдуллаев баркамол олим… Лекин баркамол олим сифатида қалам тебратиш учун эса яна бир шарт бор эдики, уни шарқшунослик илмининг устунлари матонат, синчковлик ва фидойилик деб атайдилар. Исматулла Абдуллаев сиймосида ана шу уч фазилатнинг муштараклиги, якдиллиги қарор топганки, оқибатда у кўп йиллик тинимсиз, беуйқу кечаларда ўтказган машаққатли меҳнатлари туфайли ўзбек шарқшунослигининг атоқли вакили, шарқ илми тилсимотининг чуқур билимдони сифатида шаклланди.»

         Академик Аҳмадали Асқаров битикларининг “давомини” академик Бўрибой Аҳмедовдан эшитинг: “Мен Исматуллоҳ билан қарийб эллик йилдан ортиқ дўстман. Аввал ҳамфакультет бўлдик, кейин биз уч йил Ленинградда ўша ернинг тузини тотиб, тупроғини ялаб, жуда улуғ алломалардан тарбия олиб, илмга қадам қўйганмиз. Мен дўстим Исматуллоҳни иккита фазилатини гапирмоқчиман. Биринчиси, бу кишидаги юксак инсонийлик, ватанпарварлик, миллатпарварлик. …Иккинчиси эса заҳматкашлик, меҳнатсеварлик…

УСТОЗНИНГ ҲАЁТ ЙЎЛИ

         У киши 1927 йилда Наманган шаҳрида туғилди. Дадалари Абдуллоҳ ота ва Озодахон аммаларидан эски ёзувдаги “Ҳотам”, “Ҳикмат” китобларини тинглаб болалиги ўтди. 1942 йилда 3-мактабни битирди. У эски ёзувдаги хат-саводини Абдубанноф Абдураҳмонов (баъзи манбаларда Абдуманнон махдум) деган домладан ўрганди. Ўқувчилик йиллари – 6-7- синфдаёқ “Ўткан кунлар”, “Она”, “Сароб”, “Евгений Онегин” қисса ва романларни ўқиб бўлди. Иккинчи жаҳон урушининг қийинчилиги иқтидорли болаларни ҳам тирикчиликка мажбур этарди. Сут сотиб, новвойчилик қиладиган оиладаги Исматулла қўлига пул тушса китоб сотиб оларди. Раҳматлик бобоси Мақсудҳожи рангпурушдан, устози Абдубанноф, отаси Абдуллоҳ, аммаси Озодахондан совға қилинган, урушга қадар тўпланиб қолган китобларни ҳовлисидаги кичик болахонага олиб чиқиб, яшикларга жойлашни одат қилди. Бу одат умрбод давом этди.

         Аввал ўн ойлик муаллимлар тайёрлаш курсини, кейин икки йиллик Наманган кечки ўқитувчилар институтини битирди. Дастлаб шаҳардаги 3-, сўнг 19-мактабда ўқитувчилик қила бошлади.

         1946 йилда Ўрта Осиё давлат университети (кейинги ТошДУ, ҳозирги ЎзМУ) шарқшунослик факультети)ни битирди. 1952 йилдан бошлаб Наманган педагогика билим юртида муаллимлик қила бошлади.

***

         “…Домла энди моддий қийинчилик эмас, балки ўша даврдаги тоталитар тузумга, адолатдан узоқ мафкуравий курашга тўғри келдилар. Уйларида бешта нуроний намоз ўқиганлиги учун айблаб, 1956 йили ишдан бўшатишди, маъмурий жазо ҳам кўришди. Адолат йўлида ҳар қандай тўсиқлардан ҳайиқмайдиган Исматуллоҳ ака ўз ҳақиқатлари йўлида курашдилар. Худобехабар раҳбарлардан бири “Сен нега уйингда диний тадбир ўтказдинг?” деб дағдаға қилади. Бунинг оқибати хунуклигини билган Исматуллоҳ ака Россиянинг Ленинград шаҳрига бош олиб кетади.

         1957 – 1960 йилларда Ленинград (ҳозирги Санкт-Петербург) давлат университетининг Шарқ факультети аспирантурасида таҳсил олди. Профессор  Виктор Беляевнинг шогирдига айланди. Шу аснода Шарқ халқлари тили, адабиёти, санъати, илму ихтиролари ҳақида юзлаб китоблар йиғиб, шахсий кутубхонасини бойитди. Улар орасида В. Гиргаснинг 1881 йилда Қозонда нашр этилган “Словарь к арабский хрестоматии и к Корану” (“Қуръон учун босилган луғат”и) ҳам бўлган. Ниҳоятда камёб бўлган бу луғатни В. И. Беляевнинг рафиқаси Л. Н. Беляева домла вафотидан кейин ишончли шогирд сифатида Исматулла акага хадя этган. Шу билан бирга домлада “Ал-мунжид” китоби, “Қомус ал-жадид” луғати, шарқшунос – арабшунос – қуръоншунос олимлар – И. Ю. Крачковскийнинг олти жилдлик, В. В. Бартольднинг 10 жилдлик асарлар тўплами ҳам бўлган.

Шунингдек, устозда Санкт-Петербург, Тошкент Шарқшунослик ва қўлёзмалар институтларида сақланаётган анчагина қўлёзма ва бошқа нодир китобларнинг микрофильмлари ва фотонусхалари ҳам бўлган.

         Домланинг хазиналари бой эди. Китоблар араб, форс, ўзбек, тожик, татар, турк, озарбайжон тилларида баён этилган бебаҳо мерос эди. Булар шарқ олимларининг асарлари, араб имлосида ёзилган ўзбек адабиёти, Ўзбекистон тарихига оид асарлари, қадимги жоҳилият ва исломдан кейинги араб шоирлари, эрон ва афғон классик шоирларнинг асарлари эди…

УСТОЗНИНГ ИЛМИЙ ЮТУҚЛАРИ

         Исматулла Абдуллаев 1961 йилдан Ўзбекистон Фанлар академияси шарқшунослик институтида кичик илмий ходим сифатида иш бошлади. “Бухорода араб тилидаги шеърият” (Х аср) мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди. Бу илмий тадқиқот “Сомонийлар даврида Бухорода араб тилидаги поэзия” ҳам дейилади.

         Исматулла Абдуллаев 1965 йилдан ЎзФА Шарқшунослик институти  катта илмий ходими эди. Институтда 33 йиллик илмий фаолияти давомида у Ўрта Осиё, Афғонистон ва Эрон халқлари араб тилидаги шеърияти тарихи бўйича 300 га яқин илмий, илмий-оммабоп асарлар эълон қилди(!). Мовароуннаҳр, Хуросон халқлари араб адабиётини ўрганишда янги илмий йўналишни бошлаб берди. Ўн олти йилдан сўнг 1977 йилда Москвада докторлик ишини ёқлаган эди. И. Абдуллаев “Йатимат ад-дахр”ни араб тилидан ўзбек тилига таржима қилди. Уни илмий шарҳ ва таҳлил билан 1976 йилда нашр эттирди. 1979 йилда эса ушбу асар устида қўшимча тадқиқотлар ўтказиб, “Йатимат ад-дахр” – Мовароуннаҳр, Хуросон араб адабиёти тарихининг манбаи” мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилди.

         Машҳур аллома  Абу Мансур ас-Саолибий (961 – 1037/38)нинг Ўрта Осиё ва умуман Шарқ мусулмон халқлари адабиётларига оид тўрт жилдли “Йатимат ад-дахр фи маҳосини аҳл-ил аср” (“Аср аҳлининг фозиллари ҳақида замонасининг дурдонаси”) машҳур тазкираси энди ўзбек китобхонлари  учун ҳам тушунарли бўлди.

         Энди сўзни ўша вақтларда Тошкент давлат шарқшунослик институти ректори бўлган  Н. Иброҳимовдан иқтибос оламиз: “Сиз биринчилардан бўлиб Ўрта Осиёнинг машҳур алломаси Абу Мансур ас-Саолибийнинг бой илмий меросини ўргандингиз. Бу олимнинг “Йатимат ад-дахр”, “Латоиф ал-маориф” ва “Татиммат ал-Йатима” каби муҳим тадқиқотлари илк бор Сизнинг саъй-ҳаракатларингиз билан нашр этилди.

Сизнинг илмий фаолиятингиз ниҳоятда серқиррадир. “Шарқшунослик сўзлиги” ва кўплаб энциклопедик мақолаларингиз, Берунийнинг “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” асарига муҳаррирлигингиз шундан далолат беради. Сизнинг тасаввуф оқимининг йирик намоёндаси Баҳовуддин Нақшбанд фаолиятини ўрганиш, Машрабнинг “Мабдаи нур” асарини чоп эттиришингиз, айниқса эътиборга лойиқдир.

Бадиий таржима  соҳасида ҳам Сизнинг салмоқли ҳиссангиз борлигини таъкидлаш лозим. Усома ибн Мунқизнинг “Ибратли китоб”, Миср ёзувчиси Абдураҳмон аш-Шарқовийнинг “Ер” романи Сизнинг таржимангизда эълон қилинди.

МЕН БИЛГАН ИСМАТУЛЛА АКА…

         Аввал ҳам ёзганман. 1981 йилда дорилфунунни битириб, “Наманган ҳақиқати”да иш бошлаганман (Р. И.). Отам “Наманганга мос юриб-тургин. Илм аҳиллари кўп. Уларга хизмат қилгин!” деб тайинлардилар. Гарчи Исматулла ака билан ўша йиллардан таниш бўлсакда, чинакам ака-укалигимиз, устоз-шогирдлигимиз 1990 йилдан бошланди. Мен унда “Халқ сўзи” газетасининг вилоятдаги мухбири эдим. Кунларнинг бирида домла мени чақириб қолдилар. Янги, 10-40 рақамли “Москвич” автомашинам бўларди. Биргалашиб Наманган шаҳридаги Ота Валихон (Ота улихон тўра) масжидига бордик. Масжид қавми  олдида сўзга чиқдилар. Одамлар тирбанд, намозхонлар эмас, жиноятга мойил тоифадагилар кўп эди. “Ҳамма ўз ишини қилишини, дин иши ўта нозиклиги, бу иш билан дин пешволари, олиму уламолар шуғулланиши кераклиги, амалдаги қонунга риоя этиш шартлиги тўғрисида, динга аралашмаслик”ка чақирдилар. Саволлар ҳам кўп бўлди. Исматулла ака шундай  ҳозиржавоблик билан ўз билимларини намойиш этдиларки, ҳамма “тан” берди. Кейин вилоят фаоллари йиғилишида вилоят раҳбарларидан Дилшода Дадажонова “домланинг жуссалари кичик, аммо арслон юрак эканлигини” баралла айтди. Бу ҳақда ўша даврда НамДУ ректори, профессор Абдулла Аъзамов шундай ёзган эдилар: “1990 йил Наманганда ваҳҳобийлар ҳаракати авж олди. Бир қисм ёшлар ва нафақахўрлар Ота Валихон тўра масжидини қароргоҳ қилиб, давлат сиёсатига ва халқ осойишталигига, динга ҳам зарар етказардилар. Ўша вақтда вилоятимизнинг бирорта раҳбар ходими, зиёлилар ёки уламолар уларга қарши ҳеч нарса дейишолмади, нафақат Наманган, ҳатто республика матбуотида ҳеч ким журъат қилиб бирор нарса ёзолмади. Ана шу даврда И. Абдуллаев ҳаётини ниҳоятда хавф остида қолдириб, “Наманган ҳақиқати”да (1990 йил 8 сентябрь) “Ота Валихон тўра масжиди жомеъси имом хатиблари ва қавмларига очиқ хат” мақоласини чоп этди. Мақолада ваҳҳобийлар масҳаби, уларнинг Исломдаги мавқеи, улар ҳаракатининг салбий томонлари илмий асослаб берилган, бир гуруҳ диндан хабарсиз кишилар ҳаракати ёмон оқибатларга олиб келиши огоҳлантирилган эди. Ҳожи домла уйига борган ва бошқа маъмурий жойларда учрашган ваҳҳобийларга тегишли жавоблар қилиб, уларга бас кела олган. Мақола қайта-қайта радиода эшиттирилган, вилоятнинг ҳамма газеталари уни қайта босган”.

         Яқин кунлар ичидаёқ “Очиқ хат” рисола сифатида катта ададда нашр этилди. Ундаги диний терминлар луғатини тузувчи сифатида менинг (Р. И.) исм-фамилиям келтирилгани устознинг бағрикенглигидан далолат эди…

***

         Кейин устоз билан вилоятдаги тарихий обидалар, маданий мерос иншоотларига бирга боришни одат қилдик. Қирғизистоннинг Сафед Булон мозоратидамиз. Маҳаллий экскурсовод бу тарихий, исломий обида тўғрисида тили-тилига тегмай гапирарди. Домла дарҳол кесиб ташладилар. “Саҳобалар Амударёдан бери ўтишган эмас. Билмасангиз гапирманг!”. Зиёратимиз давом этди. Устоз тошбитиклардаги ёзувларни ўқиб, табдил қилиб бердилар…  Устозга озми-кўпми хизмат қилар эканман, энг фароғатли кунлар сифатида соғинаман. У киши шундай дегандилар: “Раҳимжон, мухбирлар доим  қаерга борсалар ўша ташкилот, муассаса, туман ёки вилоят раҳбарларига учраб мақола ёзадилар. Натижада доимо маишат, ёғли овқатлар атрофида бўласизлар. Сиз шундан ўзингизни эҳтиёт қилинг. Ишхонангизда доимо қаттиқ нон турсин!”. Сўнг ўзлари пиширган мошхўрдани сузадилар. “Манаву одамни тўқ тутади. Зоҳидлар овқати. Қани олинг!”.

***

         …Шаҳар неврология шифохонаси (Воровский кўчаси)да  даволанаётган эдим. Устоз бир қўлларида озиқ-овқат, бир қўлларида  каттагина китоб билан кириб келдилар. Обдон суҳбатлашдик. “Қуръони Карим”нинг Олтинхон тўрам томонидан қилинган таржиманинг крилл алифбосига табдил этиб, нашр қилдирибдилар. Китобни менга хадя қилдилар. Таржима содда, равон, тушунарли, оммабоплиги билан ҳуназ ўз қимматига эга. Домла ушбу ноёб китобни атиги 100 донада, газета қоғозига ўз ҳисобларидан чоп эттирган эдилар…

***

1997 йилда вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг газетаси “Диёнат” ташкил этилди. Мен илк муҳаррир этиб тайинландим. Мен ҳозирги вилоят прокуратурасининг юқори қаватидаги кичкина хонасида иш бошладим. Таҳририятни шакллантиргач Наманган шаҳар прокуратураси биносига кўчдик. Газета ўз вақтида ҳуқуқ идораларининг кўзи, қулоғи ва  овозига айланди. Бунда устоз Исматулла Абдуллаевнинг зўр ҳиссалари бор эди. Газета таҳламларини варақласангиз ҳозир ҳам ўнлаб мақолаларини  ўқишингиз мумкин…

***

Кунларнинг бирида домла “Жиҳод ва халифалик” деган сарлавҳа остида мақола келтирдилар. У ниҳоятда кескир ёзилганди. Гарчи бундай амалиёт бўлмасада мен мақолани вилоят прокурори, генерал Ҳусайн Сабировга киритдим. У ўқиб, таъсирланиб кетди. “Жиҳод борми? Биз хато қилмаяпмизми?”. У мени миллий хавфсизлик бошқармасига йўллади. Мутахассислар ўқишди. Мақолани олиб Ўзбекистон Республикаси Президенти девонига бордим. Шайх Абдулазиз Мансур қабулларида бўлдим. Бир саҳифага жойланадиган мақоладан бир абзацини олиб ташладилар. Чоп этишга рухсат бердилар. “Домланинг билимлари олдида таъзимдамиз. Аммо шу абзацдаги фикрни тўғри идрок этишга қодирлар кам”. Шайхнинг ёрдамчилари менга домланинг қўлёзмасини топширар экан, Наманганга шамолдай учдим…

***

         Вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари раҳбарларнинг кенгашига менинг ҳам қатнашишимни, сўзга чиқишимни киритишибди… Барча идораларнинг тергов бўлим ва бўлинма ходимлари қатнашмоқда эдилар.

Мавзу бўйича гапириб, тергов ҳужжатларидаги “диний экстремизм” ибораси ўрнига “экстремизм”, “хатшунослик экспертизаси” ўрнига “манбашунослик экспертизаси” иборасини ишлатиш зарурлигини асосладим ва бу билимнинг отахони ўзимизда, Наманганда Исматулла Абдуллаев эканликларини айтдим. Таклифим қабул қилинди.

ХОТИМА ЎРНИДА

         Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, Беруний номидаги Давлат мукофоти совриндори, филология фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Исматулла домланинг 60, 70 йиллик юбилей тантаналари ўзларининг иштирокларида Тошкент ва Наманганда кенг нишонланганди. Келгуси йили ҳамюртимиз бўлган алломанинг таваллудига 100 йил тўлади. Ишонаманки, ниҳоятда кенг нишонлаймиз.

Раҳимжон ИРИСОВ,
манбашунос-журналист.

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting

Aloqador maqolalar

Сессия бўлиб ўтди

Халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгашининг навбатдаги XXIV сессияси бўлиб ўтди. Сессияда дастлаб шаҳар прокуратурасининг 2026-йилнинг учинчи чорагида қонунийликни мустаҳкамлаш...

Ҳаёти асраб қолинганлар дуосида яшайсиз, доктор!

Тиббиёт фанлари номзоди, Соғлиқни сақлаш аълочиси Тошпўлат Абдукаримов. У — нафақат Наманган вилояти, балки водий тиббиётидаги энг моҳир...

Баҳодир РАҲИМОВ, Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси раҳбари:“ТИББИЁТДАГИ ИСЛОҲОТЛАР НАТИЖАСИ — ИНСОН САЛОМАТЛИГИДА НАМОЁН БЎЛМОҚДА”

Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, тиббий ёрдам сифатини ошириш, аҳолига қулай ва замонавий тиббий хизмат кўрсатиш масалаларига алоҳида...

Хўжа амин мақбараси

Наманган шаҳрининг Чорсу ҳудуди яқинида меъморий ёдгорлик –Хўжа Амин мақбараси жойлашган. Мақбара XVIII асрнинг иккинчи ярмида, Наманган Фарғона...