Чин наво тинмагай

Postni ulashish:

Ўзбекистон халқ артисти Камолиддин Раҳимов Наманганнинг ардоқли фарзанди сифатида ўзининг юракларга яқин, самимий қўшиқлари билан миллионлаб мухлислар қалбидан чуқур жой олган санъаткор эди. Бугун у орамизда бўлмаса-да, унинг бетакрор овози ва бой ижоди ҳануз қалбларда жаранглаб келмоқда.
Ҳофизнинг ижодий йўли, инсоний фазилатлари ва санъатдаги беқиёс ўрни унинг яқин сафдоши, шоир Зиёвиддин Мансур билан бўлган самимий суҳбат орқали янада теран очиб берилади. Суҳбат Санжарбек Ҳамидовнинг «Сўз-у соз султонлари» китобидан олинган бўлиб, унда устоз санъаткорнинг унутилмас хотиралари, ижодий мероси ва инсоний қиёфаси ёрқин ифода этилган.


– Машраб ва Ҳабиб Саъдулла ўтли ғазаллар битди, бу ғазалларни куйга солган Камолиддин Раҳимов ўзбек қўшиқчилик санъати хазинасини ўзига хос дурдоналар билан бойитди. Сиз бу каби илоҳий мувофиқликни қандай изоҳлайсиз?

– Тақдири илоҳий деган гап-бор гап. Жомий ёки Лутфий билан Навоийлар ўртасидаги ришталар, Мулла Бозор Охун ва Машрабларнинг ўзаро топишишлари, Ғайратий домланинг тўгаракларига Эркин Воҳидовнинг бориб тушиши янглиғ, Чархий домла билан Назиржон Назаров, Охунжон Ҳаким билан Таваккал Қодиров, Эркин Воҳидов билан Қобилжон Юсупов ёки Шерали Жўраевларнинг бир макон-бир замонда яшашида ҳам илоҳий боғлиқлик йўқ эмас. Худо гул бор жойга булбулни раво кўрганидек, сўз бор жойда соз бўлиши, шеър бор жойда куй бўлиши ҳам Яратганнинг инояти, албатта. Худди шу маънода Машрабга доялик қилган она Наманганимиз унинг издоши Ҳабиб Саъдуллани, уларнинг битикларига қанот бағишлаш учун эса хушовоз ҳофиз Камолиддин Раҳимовни дунёга келишига гувоҳ бўлгани тарихий ҳақиқат. Олтин кондан ҳамиша олтин унгани янглиғ гул шаҳри сифатида донғи кетган Наманганимизда бундай булбулларнинг дунёга келиши табиий жараён.

  Ғазал ва қўшиқ ҳақида гап кетганда, баҳоли қудрат ғазаллар ёзган уларнинг кўпчилиги машҳур ҳофизлар томонидан қўшиқ қилиб айтилган муаллиф сифатида шуни айтаманки, қўшиқ бўладиган шеър оҳанги ўзи билан туғилади. Машраб ҳазратлари қўшиқ айтган-айтмаганини билмайман, аммо мақтаниш эмаски, мен ўз тажрибамдан шуни англайманки, мен ғазални куйлаб туриб ёзаман. Битта сирни кези келганда айтиб қўяй: Мен жуда кўп ғазалларимга гарчи нотага солмаган бўлсам-да, мусиқасини ўзим хиргойи қилиб тўқиганман. Битта нарсага ҳамиша ҳайратга тушаманки, улуғ ҳофизимиз Камолиддин аканинг қўшиқчиликда ҳам, бастакорликда ҳам, ижрочиликда ҳам беназир етукликларига ишонган ҳолда, у кишининг ижодига муккасидан кетган мухлислигим боис ҳофизга берган ғазалларим оҳангини сир сақлаганман, тўғриси,  мана бу оҳангда айтилади,дейишни у кишини камситишдай гап,деб билганимдан шу ишни қилганман. Аммо мўъжизани, илоҳий инстинктни қарангки, у кишининг ҳузурларида муайян ғазални ўқишим билан мен диллаган, мўлжаллаган усул, оҳанг, йўлни айнан ўзини хиргойи қилганларида мутлақо бошқа-бошқа икки одамни яъни Камолиддин акадай улуғ санъаткор билан мендай ҳали ғўра ижодкорни алоҳида, бир-биридан бехабар ҳолда яратган мусиқалари уйғун чиққанидан қандайдир бир илоҳий сирми, телепатиями, руҳий бир таъсирми, хуллас ўзим ҳамон англай олмайдиган синоатни, тилсимни ҳис этганман. Бу билан мен зинҳор-базинҳор ўзимни Камолиддин Раҳимовдай улуғ сиймога тенглаш фикридан йироқман ва ҳис этаманки бундай Яратганнинг ўзигагина аён бўлган сир-синоатлар, эҳтимол Машраб ва Камолиддин Раҳимов ёки Ҳабиб Саъдулла ва Камолиддин Раҳимовнинг ўзаро ғойибона ҳамкорлигида ҳам бўлгандирки, Машраб ҳазратларини билмадиму, Ҳабиб ака қўшиқ бўлган шеърлари ҳақида Камолиддин аканинг заргарлиги, шеърни оҳанг, оҳангни соз, созни овоз тўлдириши, бу борадаги ниҳоят даражадаги уйғунлик ҳақида кўп ҳайратга тушганларига жонли гувоҳ бўлганман. Шуни ҳам айтиш керакки, Худо берган ипакдай майин қўл, оҳанрабодай сеҳрли овоз,бунинг устига истеъдодли бастакорлик салоҳияти, яна буларнинг устига ўзига хос бетакрор ижро услуби – ҳаммасини қўшганда чорқирра истеъдод соҳиби бўлиш Камолиддин акага ўзгача тароват, ўзгача шукуҳ бағишлашига жуда катта давраларда ўзим шоҳид бўлганман ва Яратган Эгам суюкли бандаси Камолиддин Раҳимовга Довудий овоз, илоҳий файз, жўшқин илҳом ато этганига чин дилдан ҳавас қилганман.

– «Наманган тановари» Камолиддин Раҳимов ижросида янграганда атрофга ҳамиша ҳайрат ёғдулари таралган. Бу ёғдуларнинг илк таралиши ёдингиздами?

– Аввало, «Дугоҳ», «Сегоҳ», «Чоргоҳ», «Баёт» сингари умрбоқий қўшиқлар яратиш, «Лазги», «Муножот» кашф этиш қаторида «Тановар» муаллифи бўлиш ҳам санъат оламида ҳамма ижодкорларга насиб этавермайдиган ноёб, фавқулодда ҳодиса. Худди мумтоз адабиётимизда «Хамса» яратишдек, бу бахтга Наманганда яшаб, ижод қилган Камолиддин Раҳимовнинг ўзига хос камёб истеъдод соҳибларидан эканига яққол далолат.

 Яна бир нарса муҳимки, Камолиддин ака ўзига хос ўзига мос мусиқий ғазна эди. У кишининг оғзидан «Тановар»нинг ўзидан 15 та талқин борлигини, «Наманган тановари» 15-си эканини ҳам эшитганим бор. Небахтки, «Наманган тановари» ҳам ана шундай халқчил қўшиқлардан бири сифатида абадул-абад тингланишига шак-шубҳа йўқ.

Кези келганда бу қўшиқнинг яратилиши ҳақида ҳам айтиб қўйсам зарар бўлмас. Асли бундаги дастлабки тўрт қаторгина халқ қўшиғи сифатида Камолиддин акага илҳом берган ва шу куй ўша тўрт қаторли шеър асосида у киши томонидан яратилган. Бошқа қаторлари ё бўлмаган, ё ҳофизимизнинг ёдларидан кўтарилган. Бир-икки одатдагидай йўл-йўлакай хиргойи қилдилар. «Дўст! Давоми ҳам борми?» -деган пайтларимизда: Ўта ҳазилкаш устозимиз: «Ҳозирча бори шу. Аввал шунга яраша қистарларинг!» -дея лутф қилиб ён-вердаги мухлислардан оз-моз чўтал ундириб юрдилар. Бора-бора унинг давоми чиқмагач бир куни менга: «Шундан яхши нарсачиқадиганга ўхшайди, давом эттирмайсанми?» -деб қолдилар. Мен давомини олди –қочди қилиб ўзимча тиклагандай бўлдим ва мана шу халқ қўшиғи яралиб қолди, аммо мен унга муаллифлик даъвойим бўлмади ва ҳозир ҳам уни халқ қўшиғи сифатида ижро этилишидан мамнунман ва бу қўшиқ янграганда ёғилган ҳайрат шуълаларидан кўпчилик қатори ўзим ҳам баҳра оламан.

Аммо мен ҳамиша битта нарсага таассуф билан яшайман: Камолиддин ака ижросидаги ноёб қўшиқларнинг аксарияти Юсуфжон Умаралиев, Зайниддин ————–  сингари яқинлари томонидан магнит тасмаларига ёзиб олинган бўлса-да, уларнинг аксарияти ҳали ёзилмаган, ҳофиз бисоти ҳали тўла эмас. Халқ орасида, мухлислари қўлида у кишининг турли издиҳомларда, тўй-йиғинларда айтганларини тўплаш, академик ижро тарзида жамлаш, бу сиймо ҳақида, унинг бетакрор ижрочилик салоҳияти, бастакорлик қобилияти, айниқса тор чалишдаги сеҳру-синоатлари ҳали тадқиқ этиш мавридини кутиб турибди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ургенчда Комилжон Отаниёзов хотирасига алоҳида мажмуа яратиш ғоясини берганда, қани эди, Наманганда Камолиддин Раҳимов уй музейи ташкил этилса, ҳеч йўқ у киши илк таҳсил олган билим даргоҳига у кишининг муборак номлари берилса,-деган орзумандлик кўнглимдан ўтди. Ҳолва деган билан оғиз чучимайди,-деганларидек, биздай нотавонларда эзгу ғоялар бор, бироқ имконият йўқ, имконият борларда эса на хоҳиш-истак бор, на орланиб билганлардан сўраш бор…

  •   «Ўртар» ва «Келмаганингда» ғазал  – дилогия каби таассурот уйғотади.Ҳар икки ғазал ва уларнинг бир ҳофиз ижросидаги уйғунлигини  қандай изоҳлайсиз?  Камолиддин Раҳимов Наманганнинг икки ошиқ фарзанди ишқини нечун бу қадар жўшиб куйлади?
  • Ўззамонасининг атоқли адиби Ҳамид Ғулом устозимиз Ҳабиб Саъдуллага дастхат ёзиб берган китобида шундай лутф қилган эди:

                              Сизнинг сиймонгизда Ҳабиб Саъдулло

                              Замон Машрабини кўриб турибман.

Дарҳақиқат, Ҳабиб ака, ўз феълу-атвори-ю, равон мисралари билан замонамиз Машраби эди. Шундай бўлгач, бу икки эл суйган шоир ижодида уйғунликлар, устоз-шогирдлик анъаналаридан бири бўлган адабий таъсир масалалари бўлиши табиий. Камолиддин Раҳимовнинг  бу икки сиймо ижодига такрор-такрор мурожаат қилиши ҳам ўзаро қандайдир руҳий яқинликдан,-десак янглишмасак керак.       

  «Ўртар» билан «Келмаганингда» ўртасидаги яқинлик ҳақида шуни қўшимча қиламанки, аввало «Муҳаббат эски нарса, уни ҳар бир қалб янгилайди», – дея Ҳоди Тоқтош ўринли таъкидлаганидек, ғазал ҳам кўҳна жанр. Унда азалдан ишқ мавзуи бор нарса. Муҳим томони ишқда висол бор, ҳижрон бор, соддароқ айтганда, етишмоқ бор, айрилмоқ бор. Шу икки ўт орасида сарсонлик,-деган қисмат бор. Мавзу яқин, ҳолат ҳам аниқ. Бироқ ҳамма йўллар Парижга туташади,-дейишганидек, ёр висоли илинжида ҳар ошиқ ҳар хил йўлдан юради. Шоир аҳли ҳам шунақа. Фақат биринчи ғазалда лирик қаҳрамон ошиқлигидан, иккинчи ғазалдагиси эса маъшуқасининг келмаганидан зорланади. Машраб тасвирлаган ишқда ошиқнинг жону жаҳони куйиб ўртаса, Ҳабиб Саъдулланинг тасвиридаги ошиқ эса маъшуқасининг ваъда бериб келмаганидан «Дил бўзлагай мисли дутор»,-дея зорланади. Шу тахлит ҳар икки қўшиқ ҳам тингловчининг дил мулкига, суюкли қўшиғига айланади.

Бу ўринда шуни ҳам таъкидлашни истайманки, қоғоздаги битик, яъни ғазал уни ўқиган ҳофиз дардини куйламаган бўлса, унинг дардига айланмаса, уни ҳофиз куйлаб ўтирмайди, бошқа ғазалга ўтиб кетаверади, наинки унинг дарди, балки тингловчининг дардига ҳам айланиб улгурмаса, тингловчи ҳам уни тинглаб ўтирмайди. Шу тариқа узвийлик илоҳий тарздагина рўй беради ва оммабоп қўшиқ вужудга келади. Ана, қарабсизки, қўшиқ завқ-шавқ билан куйланади, тингловчи берилиб тинглайди, ажиб уйғунлик пайдо бўлади.

– Машраб ва Ҳабиб Саъдулла ғазаллари Камолиддин Раҳимов учун яратилгандек гўё. Хофиз овозидаги  кенгликсиз ҳар икки шоир ғазаллари ижросидаги қўшиқларни тасаввур қилиб бўлмайди. «Кўчамдан жонон ўтганда»ни бошқа бир санъаткор овозини тўлдириб куйлашини кўз олдингизга келтира оласизми? Ёки бу холат тақлиддан нарига ўтмайдими?

– Бу ўринда русларнинг машҳур шоири Сергей Есенинда шундай сатрлар бор:

Ўзгаларнинг овози билан,

Тўтиқуш ҳам бийрондир, аммо

Куйла фақат ўз созинг билан

Қурбақадек бўлса ҳам ҳатто.

Ҳақиқатан, тақлид бировнинг соясидек гап. Бироқ ижодий ёндошув тамомила бошқа нарса. Мабодо бир санъаткор бирон касбдоши айтган қўшиқни ёқтириб қолиб, унинг муаллифини эътироф этган ҳолда ўз бисотига киритса, уни меҳр билан, керак бўлса ўзининг ўзига хос талқинлари билан сайқаллаб айтса, бу анъана ва новаторликка киради ва унинг эгаси ҳам бундан мамнун бўлса керак. Бу борада айнан Шерали Жўраевдек қўшиқчилик санъатининг соҳибқиронини «Кўчамдан жонон ўтганда» қўшиғи ижросига киришиб, Хоразмчасига айтганда «Аппариб қўйгани»ни завқ билан таъкидлайман. Буни устоз Камолиддин ака ҳам рағбат сифатида қабул қилиб, ғоят мамнун бўлганидан хабарим бор. Бу каби ҳолатларга қўшилмай бўлмайди. Аммо… Шу ўринда кулгили бир ҳолатни эслаб ўтсам фойдадан ҳоли бўлмас. Бир куни яна бир машҳур ҳофизимиз худди шу масала тақлид ва ижодий ёндошув ҳақида гапиратуриб, бир нарсани истеҳзо билан таъкидлаган эдилар. Яъни у кишининг айтишича, бир ёш эстрада «юлдуз»ларидан бири Фахриддин ака 50 йиллар бурун айтган қўшиғини айтиб чиқса, ўша валломатча «Бир чол менинг қўшиғимни бузиб хиргойи қиляпти»,- деган экан сурбетларча. Бундай ҳолатлар ҳам бўлиб тураркан-да!

– Ҳофизга хос ўзига хос жиҳатлар, овозидаги туғма салобат, барқарорлик  сизнингча қандай омиллар эвазига сайқалланган?

– Камолиддин ака устоз кўрган шогирд сифатида ўз устозларидан пухта сабоқ олгани учун ҳар мақомда йўрғаламаган. Аксинча, ҳамиша, тинимсиз изланиш, ўз овозини эҳтиётлаш, парваришлаш ҳисобига ўсиб, мухлислари ортиб борган. Масаланинг бошқа томони ҳам бор. Яъни ҳофизимиз айрим шуҳрат чўққисига чиққач, босар-тусарини билмай қолган ва ўз қилмишлари эвазига четга чиқиб қолган, санъаткорлар ибораси билан айтганда, файзи қочган санъат аҳли фожиаларига ҳам бефарқ қарамай, ўзига тегишли сабоқ-хулосалар чиқариб боргани учун ҳам ҳеч қачон айнимай, адашмай, умрининг охиригача давлат, халқ, мухлислар эъзоз-эътиборидан тушгани йўқ.  Буни ҳар бир санъаткор ибрат-намуна мактаби сифатида қабул қилса, ўйлайманки, ҳеч вақт камлик кўрмайди. Айниқса, 5-4 та қўшиқ айтиб-айтмай туриб димоқ-фироғини кўриб, бурнига шоти қўйиб ҳам чиқиб бўлмайдиган «санъткор» отарчилар билиб қўйса, фойдадан ҳоли бўлмасди.

  Ҳофизимизнинг юртимиз, халқимиз олдида нуфузини оширган, эъзозга сазовар этган у кишидаги нафақат бетакрор санъат, балки инсон сифатидаги хушхулқлик, самимият, олийлик ва оддийликдаги уйғунлик, калондимоқлик-ғўдайишликдан батамом ҳоли табиий одмилик,ўзини қадрлагандай ўзгаларни ҳам қадрлай билиш, аниқса оддий, камхаржларга холис хизматини аямаслик, бировга, кимгадир яхшилик қилса, буни енг ичида-пинхона қилиш, ўзидан улуғларга ҳамиша тавозе кўрсатиш, хусусан, ўз оиласига садоқат, енгил-елпи ҳою-ҳавасларга беписандлик, ҳамиша тақво-эътиқодда собитлик, исрофгарчиликка йўл қўймаслик, ҳатто кийиниш, юриш-туришда ўта сиполик сингари том маънодаги инсоний фазилатлар ҳамдирки, эл-юрт эътиборидаги ҳар бир шахс бу каби жиҳатларни ўзида сингдира олса нафақат бу дунёда, балки у дунёда ҳам кам бўлмаслиги, баралла айтиш мумкинки, икки дунё саодатига муяссар бўлиши муқаррар.

– Кўпчилик мухлисларга яхши маълумки, ардоқли ҳофиз Камолиддин Раҳимовнинг муборак бисотида сизнинг қаламингизга мансуб қатор шеърлар асосида яратилган қўшиқлар мавжуд. Ҳатто машҳур ҳофиз умрининг сўнгги йилларида «Истиқлол» санъат саройида намойиш қилган 3 марталик катта концертининг 2 тасидаги афишаларда  «Яхшиларга ёндошиб» ҳамда «Эл ичра назар топдим» деган сарлавҳа реклама сифатида жойларда ва ОАВда эълон қилинди. Булар эса, албатта, сизнинг қаламингизга мансуб ғазалларнинг номи. Айтингчи, сизга бу ижобий, айни пайтда ёқимли ҳолат қандай таъсир қилди? Умуман, бу довруқдор ҳофиз билан қадрдонликларинг, ҳамкорликларингни кўпчилик ҳавас қилади, шундай эмасми?

– Мақтанишга йўймасликларингизни ўтиниб сўраган ҳолда яна битта сирни очиб қўяй: Бу ҳақда иқтидорли ижодкор дўстимиз Рустамбек Умматовнинг «Эллик тўртинчи йил болалари» номли мақолада мен ҳақимда мулоҳаза юритатуриб, соз чалишим,баъзан ўзимча хиргойи қилиб туришим ҳақида бироз тўхталиб ўтган. Яъни «Ёмоннинг бир қилиғи ортиқ»,-деганларидек, жуда кўп қилиқларим етмагандай созни, аниқроғи торли мусиқа асбобларини ҳар ҳолда ёмон чалмайман. Машқ пайтларида устознинг ёнларида жўрнавозлик қилиб, чалишган пайтларим ҳам бўлган. Ҳатто бир галги анжуманда давра олиб боратуриб ёнларида шогирдлар бўлмай қолиб, афғон рубобида жўр бўлишиб турсам, ҳадеб устоз паузани қайтариб чалаверганларидан уқдимки, қўшиқ матни ёдларидан кўтарилиб қолди. Ўшанда яна битта паузани чалиб бўлингач, келган жойидан қўшиқни олиб юбордим. Устоз ўзларига хос мароқ билан ярашиқли табассум қилиб, ёнларидагиларга маънодор илиқ ишора билан менга яқинлашиб қолган авж жойини бироз қўйиб бердилар-да, ҳар ҳолда қовун туширмай, чокини-чокига қўйиб олганимдан залда кутилмаганда қарсак янграб, олқиш ёғилгач, қулоғим остига энгашиб «Индамасам нонни яримта қиласан шекилли»,- дея уёғини жўровозликда ўзлари тортиб кетганларидан сўнг ўзимни тийганимни  мазкур ҳолатга гувоҳ бўлганлар ҳамон эслаб юришади.

  Энди «Истиқлол» санъат саройида берилган концерт, унда менинг шеърларимнинг номлари сарлавҳа қилингани, менинг шунчаки ижод намуналарим кимсан Камолиддин Раҳимовдай ўзбек қўшиқчилик санъатининг дарғаларидан бири, машҳур ҳофизнинг муборак назарига тушиб, қўшиқ сифатида катта-катта давраларда, айниқса, малакатимиздаги энг катта санъат кошонаси бўлмиш «Истиқлол» санъат саройида янграши жуда қувончли манзара. Мен ҳамон Камолиддин Раҳимов қўшиқларини хусусан, ўзим ёзган шеърларим асосидаги қўшиқларни эшитсам, ўзим жўшиб куйлагандай мазза қиламан. Умуман, халқимизнинг ардоқли фарзанди, ўз бетакрор санъати билан ўз муборак номини абадиятга муҳрлаш бахтига сазовор бўлган тарихий шахс билан ҳамкор, ҳамнафас бўлиш, шундай улуғ сиймонинг назаридан ўтиш мен учун жуда катта бахт.Яна бирон ибора борки, улуғ санъаткорлар ҳақида гап кетганда «Мактаб яратган санъаткор»,-деган ибора ишлатилади. Камолиддин Раҳимовдай бетакрор санъаткорлардаги алоҳида хислат шундан иборатки, бу улуғ инсон нафақат умри давомида, балки ҳар бир оммабоп қўшиғида биттадан мактаб яратган,-десам тушунган мутасаддилар мени муболаға қилишда айбламаса керак. Ҳеч қандай истисносиз ҳофиз ижодига мансуб «Кўчамдан жонон ўтганда», «Марсия», «Кутаман», «Кутарман зор», «Эсингдаму», «Қиз алданди», «Кўза кўтарган қиз», «Наргиз», «Яхшиларга ёндошиб» сингари юзлаб оригинал, шунингдек, Навоий, Бобур, Машраб, Махтумқули ижод намуналаридан олиниб, улуғ санъаткорларимиз томонидан илгари айтилиб, Камолиддин Раҳимов талқинида янгитдан сайқалланган қатор қўшиқларнинг ҳар бири ҳофизим яратган алоҳида-алоҳида мактаблардирки, устоз йўлини берсин,- деган ҳар бир шогирд улардан тинимсиз сабоқ олса, устоз каби камолот чўққиларга чиқиб, обрў-эътибор, нуфуз ва рағбат топиб боравериши шубҳасиз. Мен ҳамиша ана шу туйғу асосида устоз бисотини тинмай варақлаб бораман ва ҳаётда нимагаки эришган бўлсам ана шундай уқувлардан, нимагаки эришолмаган бўлсам, ўзимнинг уқувсизлигимдан биламан.

– Камолиддин Раҳимовдаги тор чертиш маҳоратига тақлид қиладиган созандалар ҳам учрайди. Шу тақлид алоҳида нафас сифатида ажралиб чиқиши учун нима етишмаяпти?

–  Камолиддин аканинг тор чертишинибашарти тақлид қилиш билан ҳам такрорлайдиган шогирд топилганда эди, буни бошқаларга қандай  билмадиму, шахсан мен табриклаган бўлардим. Чунки, торни у улуғ сиймодан бошқа бирон киши у кишига етказа олса, бу том маънода мўъжиза бўлган бўлур эди. Торни бу қадар сайратиш учун яна бир чолғу пири Абдуҳошим Исмоилов жуда ўхшатиб таърифлаганидек, Камолиддин Раҳимовдай сеҳрли бармоқлар соҳиби бўлмоғи лозим.

Бу ўринда устозга эргашиб, дастлаб у кишига тақлид қилиб, сўнгра ўз йўлини топиб олган Ҳожиакбар Раҳматов, Боқижон Сатторов, Боқижон Ҳамроев, Ҳамиджон Маллабоев сингари қатор шогирдларни ҳурмат билан эътироф этаман. Менга келинадиган бўлса, мен аввало, ҳеч қачон ҳофизликни биринчи режага қўймаганман, қолаверса, кўпинча ҳазиллашиб, «Шу Камолиддин акани аяб, ўз иборалари билан айтганда нонларини яримта қилмай», -деб шу касбга ўзимни урмадим,-дея ўзларига ҳам айтиб кулишардим.Бироқ устоз бетоб пайтлари бироз хаёлларини чалғитиш мақсадида бир холи пайт: Ака, шунча аядим, шеър ёзсам, мусиқа басталасам, ижро этолсам, лекин мазасини сизлар қилсаларинг. Энди то тузалгунингизчаўзим олиб турсам, қандай бўларкин?-дедим ўзларига хос мутойиба оҳангида: «Омалекин сендан кутса бўлади, шу ишни мени тузалиб кетсин,-десанг қилмай турасан, ўша аввалги гап: Нонни яримта қилмагин, шу ишингни кейинроққа сургин!» -десалар бўладими соф Наманган шевасида ҳазилга ҳазил билан… Ҳазил-ҳазилу, лекин ўша аснода бир-иккита машқларни енгил хиргойи қилиб, мўтабар назарларидан ўтказиб, дуоларини олганим қолди… Эндиликда тақлиддан тамоман ҳоли бир альбом қилмоқчиман, ўшанда кўп саволларга аниқлик кирса ажаб эмас.

– Машраб ва Ҳабиб Саъдулла изидан Камолиддин Раҳимов ҳам «Мени йўқлар кишим борму?» деб боқий дунёга кетди. Уларнинг йўқловларидан қониқасизми? Биз уларни қандай йўқлашимиз керак, деб ҳисоблайсиз?

– Бир замонлар Наманганда анъанавий Машрабхонлик кунлари жорий этилиб, дастлабки, пайтларда бу тадбир жуда катта байрам тусида, ҳатто республика миқёсида ташкил этилар, май ойининг учинчи  ўн кунлигида бўладиган бу тадбирда жуда катта маънавий-маърифий, адабий-бадиий, ижодий- мусиқий гурунглар ўтказилар, тадбир сўнггида унда фаол иштирок этганлар тақдирланар, ҳатто дала ишлари бошланиш олдидан катта эҳсон дастурхони ёзилиб, қишлоқ хўжалиги ишларига оқ фотиҳа берилар эди. Таассуфки, кейинги йилларда шу тадбир ҳам сансоларлик, ўзаро давра талашишлар оқибатида анча сусайиб кетди.

  Раҳматли Ҳабиб ака вафотининг бир йиллиги арафасида у кишининг руҳини шод этиш мақсадида ҳар йили у киши таваллуд топган сана олдидан апрелнинг биринчи ҳафтасини Ҳабиб Саъдулла хотираси ҳафталиги жорий этган, бу халқимизнинг улуғ шоири Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Ориповга ҳам манзур тушган эди. Бироқ кейинчалик айрим мутасаддиларнинг ғашлиги боис бу анъанавий тадбир ҳам тагини еди.

  Камолиддин Раҳимов таваллуд кунлари айни қирчиллама қиш пайти – 12 январга тўғри келади. Раҳматли ҳофизимиз вафот этгандан кейинги йили уйларида ва Наманган санъат коллежида «Ҳар кимни эли сийласа» номли адабий-мусиқий хотира тадбири ўтказдик. Бу жуда кўпчиликка манзур бўлди. Муҳтарам Президентимизнинг ижод аҳлига қаратаётган юксак эътибори ва ғамхўрлиги натижасида Наманган шаҳар 11-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабига Камолиддин Раҳимов номи берилди. Бугунги кунда мазкур таълим маскани нафақат билим ва маҳорат, балки миллий маданият ва маънавиятни тарғиб этувчи муҳим марказга айланиб бормоқда.
Айниқса, ҳар йили ҳофиз хотирасига бағишлаб ўтказилаётган анъанавий танловлар ушбу эзгу ишларнинг узвий давоми сифатида эътиборга лойиқ. Бу каби тадбирлар, юқорида таъкидланганидек, ана шундай улуғ ва табаррук сиймолар хотирасини абадийлаштиришга хизмат қилиши билан бирга, жамият, миллат маънавияти ва ёш ижодкорлар камолоти учун беқиёс аҳамият касб этади.

– Сиз ҳам шоир ҳам изланувчан ижодкор, санъатни дилдан ҳис этадиган маънавият ошуфтаси сифатида Ҳабиб Саъдулла ва Камолиддин Раҳимовни бирлаштириб турасиз. Шу олтин кўприк вазифасини бажариш  осон бўлмагандир? Ҳаётингизда ҳар икки улуғ устозингиз иштирокидаги қизиқ ва нохуш воқеалардан сўзлаб берсангиз?

– Аввало қизиғидан иккитасини айтиб берай: Саксонинчи йилларнинг охирида собиқ иттифоқ миқёсида Союзлар уйининг Колонна залида собиқ партиянинг Бутун Иттифоқ анжумани бўлди. Шунда иттифоқ тарқаб кетиши олдиданми, ҳечқачон бўлмаган бир ҳолат бўлди. Яъни тадбир сўнггида бўладиган катта концерт одатдагига кўра рус санъаткорлари иштирокида бўлатуриб, орада кутилмаганда саҳнага Шерали Жўраев, Бобомурод Ҳамдамов ва Камолиддин Раҳимовлар чиқишди-да, бир куплетдан ўзбекча қўшиқ айтишди. Биринчи марта бўлган бу воқеадан ҳақиқатан қойил қолган мухлис сифатида эртасига эрталаб ишхонага келгач Ҳабиб акага завқимни баҳам кўрмоқчи бўлиб: «Ака, зўр бўлди-а, айниқса, ҳар кимники ўзига деганларидай Камолиддин ака қотирди-а?» – десам шу заҳотиёқ: «Расво қилди!» -десалар бўладими? «Нега, ака?» -дебман то бердисини айтмасларидан туриб,тўғри маънода тушунганимдан. «Расво қилди! Ҳе, шунақа имконият берилганда айтмайсанми «Кўчамдан жонон ўтганда»ни қотириб ёки «Келмаганингда»ни қарсиллатиб айтиб Қизлархонни ўйнатмайсанми қичиқ билан!» -деганларидан кейин тушундим ўзларининг шеърларига ишора қилиб ҳазиллашаётганларини…

  Ҳангоманинг иккинчиси шуки, бир йили вилоятимиз пахта тайёрлаш режасини уддалагани муносабати билан Тошкентга – телевидениега вилоятдаги ижодкор, санъаткорларнинг муносиб вакили сифатида Ҳабиб ака ва Камолиддин акалар ўз ижодлари билан қутлов йўллаш учун таклиф қилинди. У даврларда жонли эфир кетгани учун студиянинг ўзида соатлаб репитиция кетар эди. Кеч куз мавсуми бўлгани учун тирбандликда гардеробга навбатда туриб, қийналмасликни ўйлаганлар борган машинасига устки кийим-бошларини ечиб қўярди. Тадбир узоқ давом этса-да зўр бўлди. Ҳабиб ака жуда гўзал қутлов шеър ўқиб, Камолиддин ака Ҳабиб Саъдулла қаламига мансуб, Наманганимизни мадҳ этувчи «Бўлибман торга чин ошно»,-деб бошланувчи шеърини қойилмақом қўшиқ қилиб ижро этди. Кайфиятлар баланд. Уларга, айниқса, ҳам шеър ўқиган, ҳам янги шеъри кимсан Камолиддин Раҳимов томонидан куйланган Ҳабиб акага етар киши йўқ!

  Шу алпозда ер-кўкка сиғмай устки кийимларни кийиб олиш илинжида Камолиддин аканинг ўша давр учун отлиққа бор, пиёдага йўқ замонавий «ГАЗ-24» вольгасининг орқа юкхонасини очсак, не кўз билан кўрайликки, ҳофизнинг садаф ўрнатилган соз-тори қолиб, бечора Ҳабиб аканинг янги пальтоси йўқ-да.Ана кўринг томошани. «Ҳе, нодон ўғри,- дейди Ҳабиб ака,-ўғирлар экансан, торни ўғирламайсанми, сотиб пулига ўнта пальто олмайсанми?»«Ўғриям аҳмоқ эмас- киноя қилади беғубор юмор соҳиби Камолиддин ака торининг қорнидан ўтказиб, запас балонга маҳкамланган занжирга солинган қулфга ишора қилиб, хўп уриниб кўриб, қулай вариантни қўллаб қўяқолган». Хуллас, эҳтиёткор Камолиддин аканинг «Ёз ёпинчиғингни қўйма, қишда ўзинг биласан» қабилида иш тутиб, бир четга белбоққа тугиб қўйилган чопонни Ҳабиб акага кийгизиб, йўлга равона бўлганимизни узоқ вақт ҳангомалашиб юрдик. Охири Камолиддин акадан табиатига зид равишда битта пальто унди-ю, кейинги «фожиа»нинг олди олиб қолинди. Чунки ўша пайтда Ҳабиб ака вилоят маданият ишлари бошқармасининг бошлиғи эди-да. Хуллас бу каби саргузаштлардан кўп ўтган орамизда.

Энди савол давомидаги нохуш воқеалар хусусида: Ҳар икки ноёб истеъдод эгаларининг ҳаёти ва ижоди бир текисда осойишталик билан кечган, – дейиш унчалик тўғри эмас. Етмишинчи йилларда Камолиддин аканинг Хўжанд (ўша пайтдаги Ленинобод)га кетиб қолиши ҳақидаги миш-мишлар бежиз туғилмагани, яъни кимнидир тўйига боролмагани учун бўлган ур-сурлардан зада бўлгани бекор гаплар эмас. Ҳофизнинг 60 йиллик юбилейига тайёргарлик кўрилган ҳолда майда-чуйда гаплар эвазига Наманганда ўтмай, ўзлари ва Тошкентдаги хайрихоҳлари таклифи билан пойтахтда ўтказилгани ҳам бор гап. Ҳабиб аканинг ҳам ҳар хил бўлар-бўлмас сабаблар билан вилоят маданият ишлари бошқармаси раҳбарлигидан четлатилгани ҳам айни рўй берган нохуш ҳодиса. Бу ўринда бир нарса одамга алам қиладики, Худо берганини шайтон қизғонганидай, юзминг йилларда бир дунёга келиб-келмайдиган шундай истеъдодли мўътабар сиймолар тақдирини итдай ҳар куни туғилиши мумкин бўлган махлуқларнинг бир лаҳзада, бир бемаъни гап билан ҳал қилади, қўяди. Бунга на казо-казолар қайғуради, на бошқалар, аксинча калака қиладиган ғаламисларга Худо бериб, гап чувашига энсанг қотади бундай ҳолатларда. Бундай ишкалликлар ҳамма замонда ҳам рўй бериб туриши ажабланарли. Небахтки, муҳтарам Юртбошимиз ҳамма нарсани ипидан игнасигача билиб, ўрганиб, жўяли хулосалар чиқариб юргани учун, айниқса, илм, ижод аҳли меҳнатини том маънода билгани учун ҳам мамлакатимизда маънавий муҳит тубдан яхшиланди. Зар қадрини заргар билгандек, интеллектуал салоҳият эгаларига қараш, улар меҳнатига баҳо бериш тамомила ўзгарди. Биздай ҳокисорлик билан бир хилда бетамаъ ижод қиладиганларга ҳақиқатга, адолат тантанасига ишонч уйғонди. Афсуски, устозларимиз бу кунларни кўрмадилар, уларнинг ушалмаган орзулари издошлари тимсолида ушалишидан руҳлари шод бўлса ажаб эмас… Илоҳим ўшандай хушнуд кунларга етиб, устозлар руҳини шод этиш бизларга насиб этсин.

– Мана, ҳаётда «Эҳе-ҳей, Наргиз» деган хитобни эшитмаяпмиз. Бир муддат ортга боқсангиз, ўша хитобнинг қудрати қандай кўринади?

– Эҳ, сира айтманг. Ишонасизми? Мендаги Худо берган «флешка», яъни хотира Ҳабиб Саъдулланинг мағзи тўқ шеърлари-ю, Камолиддин Раҳимовнинг дилтортар қўшиқлари билан тўлиб қолган. Ишонинг бошқа маънавий оламга ўрин йўқдай. Бўш қолдим ўша бисотни титкилайман, тиловатларим сўнггида ота-онам, бошқа яқинларим қаторида, бу икки сиймо беихтиёр кўз олдимга келиб туришада, ҳамиша дуодаман, Илоҳим, Аллоҳ раҳматига олган бўлсин! Назаримда улар ўлмагандай. Улар ўз ўтмишдошлари Машраб, Сўфизода,Чустий, Усмон Носир, Комилжон Отаниёзов, Ориф Алимахсумов, Фахриддин Умаров, Таваккал Қодировлар қатори жаннат боғларида назму наво қилишаётгандай…  Шу боис ҳам нафақат «Эҳе-ҳей»,- деган хитоб, балки ҳар бир қадамимда, хоҳи ижод, хоҳи ҳаёт, хоҳи хаёл оғушида бўлмайин бу сиймоларнинг муборак назари мени мамнун кузатиб тургандай, руҳан мадад бераётгандай, баъзан эса мендан мадад сўраётгандай бўлаверади…  Баъзан, юқорида айтилганидай, бир муддат ортга боқиб, хаёл деган тубсиз уммонга шўнғиб, устоз ҳофизимизнинг залворли хитобларини хаёл кўзгусида жонлантирсам, хоҳ ишонинг-хоҳ ишонманг, нафақат Камолиддин ака, балки унутилмасқилган ишлари билан номини мангуликка муҳрлаган барча улуғларимиз ўз табаррук мерослари билан руҳан яшаётгандай бўлаверишади. Қаранг, қандай бахтли тақдирки, ўлган одам худди тириклардай жўшиб куйлаб турса. Илоҳим ана шундай қисмат ҳар бир ижодкорга насиб этсин.

– Ҳабиб Саъдулла ва Камолиддин Раҳимовдан сўнг гўё Наманган бўшаб қолгандек, гўё Зиёвиддин Мансур икки қанотсиз қолгандек. Бу армон довулидан ўзингизни қандай ҳимоя қиласиз? Наманган кўчалари ва боғларида яна қачон қудратли янги овозлар янграйди?

– Шу саволни ўқиб, кўнглимда шу шеърий сатрлар ўз-ўзидан қуйилиб келди:

                     Гул унмаган ҳар битта чаман

                     Нақ чўлу-биёбонга ўхшар.                              

                     Бу икки сиймосиз Наманган

                     Булбули йўқ бўстонга ўхшар.

Дарҳақиқат, мен бу улуғ сиймоларнинг иккалаларини ҳам 50, 60 йилликларида, Камолиддин аканинг ҳатто 70 йиллик юбилейларида ҳам давра бошқарганимдан кўпчилик хабардор. Бироқ таассуфки, уларни сўнгги йўлга кузатишда ҳам жанозадан олдин митинг ташкил этиб, шу митингни ўзим бошқарганман. Буни таассуф билан айтаётганимнинг боиси юбилей деганлари тантанали, қувончли анжуман, аммо митинг тамоман бошқа нарса эканини шу устозлар мотами сабаб илғаб етганман ва оғир хўрсиниқ билан сўзлаётиб, бир неча марта ҳўнграб йиғлашдан ўзимни тўхтатолмаганимда даврадаги яқинлар уввос солишгани бежиз эмас. Мен яна бир туйғуни қайта англаб етганманки, ўлим бор нарса, оғир мусибат, бироқ бу каби устозларга ўхшаб, эзгу ном, порлоқ хотира қолдириб ўлиш – жуда катта бахт, нафақат ўзинг учун, балки ортингда қолаётган шажаранг, авлодинг, фарзандларинг ва содиқ шогирдларинг учун. Шу хушнуд туйғулар уларсиз рўй берган ўксикликни, ҳувиллаб қолган оғушимни тўлдиргандай, армон довулларини сўндиргандай бўлади. Эгарланган чопқир от чавандозсиз, яшнаётган боғ боғбонсиз, тобора гуллаётган гуллар шаҳри Наманган булбулсиз қолмагандай, мустақиллик қуёшидан нур эмиб, кўлами кенгаяётган шеърият, саньат олами устозларсиз бўшаб қолмагай. Носир Жўраев, Беҳзод Фазлиддин, Меҳриноз Аббос қизи, Алишер Файз, Ҳусанбой Раҳимов, Малика Эгамбердиева, Гуласал Абдуллаева сингари ижод ва санъат йўлида устозлар изидан бориб, астойдил изланаётган собитқадам, журъатли ёшлар ҳисобига нафақат Наманган кўчалари, балки бутун мамлакат, бутун олам гўшалари залворли сўзлар, жарангдор овозларга тўлажак.

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting

Aloqador maqolalar

Сессия бўлиб ўтди

Халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгашининг навбатдаги XXIV сессияси бўлиб ўтди. Сессияда дастлаб шаҳар прокуратурасининг 2026-йилнинг учинчи чорагида қонунийликни мустаҳкамлаш...

Ҳаёти асраб қолинганлар дуосида яшайсиз, доктор!

Тиббиёт фанлари номзоди, Соғлиқни сақлаш аълочиси Тошпўлат Абдукаримов. У — нафақат Наманган вилояти, балки водий тиббиётидаги энг моҳир...

Баҳодир РАҲИМОВ, Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси раҳбари:“ТИББИЁТДАГИ ИСЛОҲОТЛАР НАТИЖАСИ — ИНСОН САЛОМАТЛИГИДА НАМОЁН БЎЛМОҚДА”

Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, тиббий ёрдам сифатини ошириш, аҳолига қулай ва замонавий тиббий хизмат кўрсатиш масалаларига алоҳида...

Хўжа амин мақбараси

Наманган шаҳрининг Чорсу ҳудуди яқинида меъморий ёдгорлик –Хўжа Амин мақбараси жойлашган. Мақбара XVIII асрнинг иккинчи ярмида, Наманган Фарғона...