Наманган шаҳар ҳокими Аюбхон Камалов “Ёшлар куни” доирасида “Янги аср” маҳалла фуқаролар йиғинида фаолият юритаётган ёш тадбиркор Вахабжанов Насимхоннинг иш фаолияти билан танишди.
Маълум қилинишича, сектор раҳбарининг тавсиясига асосан маҳалладаги ёшлар етакчиси кўмагида тадбиркорга ўз фаолиятини йўлга қўйиши учун 100 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилган. Ушбу молиявий кўмак натижасида Насимхон мебелчилик фаолиятини йўлга қўйиб, 2 нафар фуқаронинг бандлигини таъминлашга эришган.
Бундан ташқари, ёш тадбиркор маҳалладаги ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш, уларга мебелчилик сирларини етказиш ва келгусида мустақил даромад манбаига эга бўлишларига кўмаклашиб келмоқда. Бу эса ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш нафақат янги иш ўринлари яратиш, балки касбий кўникмаларни шакллантиришда ҳам муҳим аҳамият касб этишини кўрсатади.
Тадбиркор билан мулоқот давомида унинг фаолияти жараёнида дуч келаётган муаммолари, мавжуд имкониятлари ҳамда келгусидаги режалари атрофлича ўрганилди. Фаолиятни янада кенгайтириш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва янги иш ўринларини яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Аниқланган муаммоларни бартараф этиш, тадбиркорнинг истиқболдаги режаларини амалга ошириш ҳамда фаолиятини кенгайтириш мақсадида қўшимча имтиёзли кредит ажратиш имкониятларини кўриб чиқиш юзасидан масъул раҳбарларга тегишли топшириқлар берилди.
Ёшларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва маҳаллаларда янги даромад манбаларини яратиш борасидаги бундай саъй-ҳаракатлар ҳудуднинг иқтисодий фаоллигини оширишга хизмат қилади.
