Наманган шаънини улуғлаганлар олий суд раиси Ҳалима МУҲИТДИНОВА

Postni ulashish:

  1. 01. 1916 – 7. 08. 2011.

“Таржимаи ҳол.

Мен Муҳитдинова Ҳалима Қодировна 1916 йил 1 январда Наманган вилояти Уйчи тумани собиқ Бирлашган, ҳозирги Уйчи қишлоқ ўзини ўзи бошқариш кенгашида деҳқон-ҳунарманд оиласида туғилганман…

Мен бошланғич мактабни тамомлагач 1933 йили Нариманов номли колхозда котиба бўлиб ишлаганман”.

Шу ўринда қаҳрамонимиз таваллуд топган жой номини аниқ билишимиз керак.

Ҳалима Муҳитдинова 1916 йил 1 январда Наманган вилояти Уйчи туманидаги Ясси қишлоғида туғилган. Кейинчалик Ясситепа деб номланган. Айтишларича, бу ердаги тепаликларга Қўқон ва Наманган шаҳарларидан одамлар кўчиб келишиб, ер текислаб, деҳқончилик қилишган, уй-жой қуришган. Тепалик текисланиб, ясси ҳолга келтирилганлиги учун “Ясситепа” номини олган.

Турли йиллардаги маъмурий ҳудудий чегараланиш сабабли бу қишлоқ бошқа қишлоқлар ҳудудига ҳам бириктирилган.

Жумладан, дастлаб Уйчи тумани Уйчи қишлоқ советига; Бирлашган қишлоқ совети Нариманов номли колхознинг Иттифоқ маҳалласига; Ғайрат қишлоқ совети Нариманов номли колхознинг Иттифоқ маҳалласига; Ўзбекистон мустақилликка эришгач Уйчи тумани Олмурут маҳалла фуқаролар йиғинига қараган.

Ҳозирда Уйчи тумани “Иттифоқ” маҳалла фуқаролар йиғини Абдулла Орипов кўчаси (Шимолий Фарғона канали бўйлари) деб юритиб келинмоқда.
Ҳалима Муҳитдинова илк меҳнат фаолиятини “Бирлашган қишлоғидаги Нариманов номли колхоз котиби” бўлиб ишлашдан бошлаган. Бу ҳақда унинг шахсий маълумотномасида айнан шундай деб ёзилган.

Қолаверса ҳурматли мухлислар учун  Ҳалима опа дастлаб иш бошлаган жамоа хўжалигининг номи Наримонов бўлган экан, бу шахс тўғрисида ҳам билиш фойдадан ҳоли эмас. Наримонов ким бўлган?

Нариман Наримонов 1870 йил 14 апрелда Тифлисда туғилган. 1925 йил 19 мартда Москвада вафот этган. Касби шифокор, Озарбайжон маориф ва маданиятига катта ҳисса қўшган. Ёзувчи ва драматург. Совет даврида йирик сиёсий арбоб бўлган. 1920 – 1922 йилларда Озарбайжон ССР Халқ комиссарлари Совети раиси бўлган. Нариманов номи Совет даврида Ўзбекистонда ҳам кўп жойларга берилган.

БОЛАЛИГИ

Одатда биз журналистлар “болаликнинг беғубор ва беташвиш  кунлари” деб ёзишга одатланганмиз. Деҳқон Муҳитдин ака ва тикувчи Омина опанинг Нуриддин, Ойшахон, Ханифахон исмли фарзандлари бор эди. Тўртинчи фарзанд ҳам қиз бўлди. Ҳалима деб исм қўйишди. Бу ёшларга беташвиш яшаш бегона эди. Биринчи жаҳон уруши, мардикорликка юбориш сиёсати, қатағонлар, шўролар давлати қурилиши арафасидаги фуқаролар уруши, кейин эса колхоз тузиш ислоҳотлари… Ана шундай тинкани қуритган йилларда болалар болаликнинг беғуборлигини ҳис этиша олармиди…

Ота уй-рўзғорни бутлаш билан машғул эди. Она эса қадалиб ўтириб чок тикарди. Ана шундай кезларда тўрт боласини қишлоқда очилган бошланғич мактабга ўқишга берди. Ҳалима ўрта мактабни аъло баҳоларга битирди. Аммо яқин ўртада олийгоҳ ёки техникум йўқ. Кутилмаганда акасии Фарғонада янги ўқиш очилганини айтиб қолди. Ҳалима 15 ёшида Фарғонадаги институт тайёрлов бўлимига қабул қилинди. 1932 йилда ҳукуматнинг  қишлоқ хўжалиги соҳасидаги маъмурий буйруқбозлик сиёсати ҳаётда ўзининг оғир салбий оқибатини кўрсатди. Даҳшатли очарчилик бошланди. Ҳалима ўқишини давом эттиролмай, уйига қайтди. Оила аъзолари – каттами кичикми битта нон учун ишлашга мажбур эди. У ҳам 1933 йили Наримонов номли колхозга котиба бўлиб ишга кирди. Сўнг Сталин номли колхозда шу фаолиятини давом эттирди.

1924 – 1941 йиллар орасида водийда фақат Фарғона вилояти фаолият кўрсатган бўлиб, ҳозирги Андижон ҳамда Наманган вилоятлари ҳудуди ҳам Фарғонага қарар эди.

Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг қарори билан 1935 йил 9 февралда Уйчи райони ташкил этилди. Унинг таркибига Қизил Равот, Бирлашган, Уйчи, Ёрқўрғон, Ахси, Орол, Жийдакапа, Ўнҳаёт ва Машад қишлоқлари киритилди.

Район ташкил этилгач 1935 йилдан бошлаб туман прокуратураси ҳам тузилиб, Ҳалима прокуратура котиблигига таклиф этилди. У ғайрат билан ишлади ва “қонуннинг кишини саодатга элтувчи куч ва қудратини шу ерда илк бор ҳис қилди”.

Туман прокуратурасида ўз уқуви ва келажагини кўрсата олган қизни Тошкентга, ўқишга юборишди. Бу республика адлия вазирлиги қошида очилган қиз-жувонлардан ҳуқуқшунос кадрлар тайёрлаш курси эди. Курсни муваффақиятли якунлаган Ҳалима Муҳитдинова Наманган шаҳар прокуратурасида стажёр ёрдамчи бўлиб фаолиятини давом эттирди. 1938 йили Фарғона вилояти ҳудуди қайта чегараланиши туфайли ташкил этилган вилоят прокуратурасига Наманган шаҳар прокурорини лозим кўришади. Шундай қилиб устоз-шогирд фаолияти Фарғонада давом этади. Прокурор ёрдамчиси ўзининг соҳага бўлган қизиқишини кўрсата олди. Бир йиллик ҳуқуқшунослик мактабида ўқиди. У энди Тошкентда очилган юридик институтда ўқиб, олий маълумотли ҳуқуқшунос бўлмоқчи эди…

Аммо Уйчи тумани собиқ раҳбарлари устидан чиқарилган тўқима жиноят учун уни ҳам аввал ишлаган жойига гувоҳ сифатида чақиришди.

МОЗИЙДАН ХАБАР

Асли туркистонлик бўлган Йўлдош Ирисметов большевиклар қаторига эрта қўшилган эди. Шунинг учун уни дастлаб Уйчи районига окружком раиси этиб юборишди. У районни ташкил этиш билан боғлиқ ҳамма ишларга бош бўлди. Район марказидаги чорраҳанинг ўнг томонига хом ғиштдан клуб қурдирди. Уйчиликлар Наманган шаҳрига Жийдакапа орқали қатнашар эди. Уйчи билан Наманган орасида ёлғизоёқ йўл бўлган эди, холос.

Йўлдош ота икки қўқон арава сиққудай йўл солди. Икки томонига кўк терак  эктирди. Йўлнинг икки четига фуқароларни кўчириб келтирди. Уларга терак парвариши, йўлни супуриб, сидиришни топширди. Уйчини кўзгуга айлантирди. У Самарқанд вилоятига раҳбар сифатида кўтарилиб кетди. Аммо ҳадемай Уйчига қайтаришди. Бу гал у ўз эрки билан эмас, НКВДнинг “қора қарғаси”да махбус сифатида олиб келинди. Йўлдош отанинг суди ўша ўзи қурдирган клубда бўлди. Давлат айбловчиси унга ва райижроком раиси Абдужалиловга “халқ душмани” ёрлиғини ёпиштирди. У судда ўлим жазосини сўради. Йўлнинг асоссиз кенгайтиргани, колхоз ерларини увол қилгани, халқни безовта қилгани – халқ душмани унга айб сифатида  тақалди. Икки раҳбар олий жазога, прокурор ва НКВД бошлиғи ҳамда 20 нафар колхоз раҳбарлари турли муддатларга озодликдан маҳрум  қилиндилар. Судда қатнашган уйчиликлар уввос солдилар.

Сўнгги сўз олган Йўлдош Ирисметов қуйидаги гапларни айтди. “Мен сувга сероб бу районни ташкил этишга бош бўлдим, бу йўлда жонимни ҳам аямасликка сўз бердим. Мана, энди жонимни олишмоқчи. Азиз уйчиликлар, мен Сизларни севар эдим. Ушбу ўзим қурдирган клубда ўз ҳаётим хотима топишини ўйламаган эдим. Ҳали вақтлар келадики, биз чиқарган Уйчи кўчаси замон талабларига жавоб бермай қолади. Мабодо тарих такрорланиб, бу йўл тор чиқарилган экан, бузиб кенгайтириш керак, деб ўлимимдан сўнг яна суд қилишсаю, жавобгар қилишса рози эдим. Имоним комилки, бу йўл албатта кенгайтирилади, асрлар оша келгуси авлодга хизмат қилади!”.

Ҳа, бу воқеа инсон умрини сариқ чақалик қадри бўлмаган тоталитар тузумнинг бир лаҳзалик кечмиши эди…

…1940 йил 8 январда бўлиб ўтган Ўзбекистон ССР Олий Совети сессиясида Фарғона вилояти Уйчи район ижроия қўмитаси ташкил этилди. Шунга кўра, меҳнаткашлар депутатлари район совети сессиясида райижроқўм ташкил этилди. Унинг бўлимлари, доимий комиссиялари тасдиқланди.

Ҳалимахон прокуратурада ишлаган пайтидаги кўрган-билганлари ҳақида аниқ-тиниқ кўрсатув берди. Яқинда бирга ишлаган туман прокурорининг панжара ортида бошини хам қилиб ўтирганини кўриб, юраги эзилди.

… Уч ойлик малака ошириш курсини тугатишига бир ой қолганда Республика прокурорининг ёрдамчиси йўқлаб қолди. Кеч соат ўн бирда Республика прокурори ҳузарига олиб киришди. Маълум бўлишича Уйчи туманидаги фаолияти юзасидан чақув бўлган. Суҳбат қаттиқ бўлди. Муросасиз бўлди. Жавоблардан қониққан  прокурор мамнунлигини изҳор этди. Курс машғулотлари тугагач, уни Самарқанд вилоятига юборишадиган бўлди. У юридик соҳада олий маълумотли бўлмоқчи эди. Агар Самарқанднинг чекка туманларига “тушиб” қолса орзуси амалга ошмай қолишидан чўчиди: “Нима учун Самарқандга, Фарғонага эмас… Малака ошириш курсига Намангандан келганман. Яна ўз ишимга жўнатмайсизларми? Ёки Тошкент вилояти туманларига юборинг! Қизнинг қатъияти ходимлар бўлими бошлиғига ёмон таъсир қилди. У ҳам талабида қаттиқ туриб олди. Ҳалима республика  прокурори қабулига кириб тушунтирди: “Тошкент юридик институтининг кечки ёки сиртқи бўлимига кириб ўқимоқчиман!”. Раҳбар ходимлардан бирини чақириб топшириқ берди. Ҳалима 20 та жиноят ишини ўқиб, таҳлил қилиб берди. “Дело”нинг муваффақиятли ва муваффақиятсизликларини очиб берди. У республика  прокурорининг суд назорати бўйича ёрдамчиси лавозимига тайинланди. Бу 1938 йил октябрь ойида эди.

КАТТА ҲАЁТ СИНОВЛАРИ

Ҳалима Муҳитдинованинг ташкилотчилик қобилияти Ўзбекистоннинг ўша даврдаги раҳбарлари эътиборини ҳам тортди. Шу боис Фарғона водийсидан Мирзачўлни ўзлаштиришга юборилган минглаб оилалар шароитини ўнглаш келишув асосида унга топширилди. Чўлқувар оилаларга уй-жой, озиқ-овқат узлуксизлигини таъминлаш ҳукумат ишчи гуруҳи раҳбари Ҳалима опа зиммасига ўтди.

…У 1941 йилнинг октябрида хизмат сафари билан Наманганда бўлганда бирров уйига кирди. Акаси урушга кетган, кекса онаси уйда қолганди. У бир қарорга келди. “Ўқишини сиртқига ўтказиб, ишни Наманган вилоят прокуратусига кўчираман!”. Буни эшитган республика прокуратураси раҳбарияти рози бўлди. Ҳалима Наманганда адолат ўрнатилишига сезиларли ҳисса қўшди. Боз устига Россия, Украина, Беларуссиядан кўчиб келган аҳолига уй-жой, ётоқхоналарни ҳал қилди. Турмуш оғирлигидан ўзгаларнинг мол-мулкига тажовуз, қотиллик, босқинчилик авж олганди. Маҳаллий ўзбек қизи суддаги нотиқлиги жиноятчилар “илигини қуритарди”. Улар ёш қизга ўлим билан ҳам таҳдид этишарди. У чекинмасди.

ҲАЛИМА ХОТИН-ҚИЗЛАР ҚЎМИТАСИНИНГ ИЛК РАИСИ

1943 йил. Иккинчи жаҳон уруши авжида. Ҳамма иш хотин-қизлар ва болалар зиммасида. Фронтдан юборилган майиб-мажруҳлар, юзлаб оилаларда азадорлик…

Урушда энг оғир юк хотин-қизлар зиммасига тушгани учун маҳаллий ва марказий маҳкамаларда хотин-қизлар иши билан шуғулланадиган лавозим жорий этилди. Ҳалима         Муҳитдинова 1943 йил май ойида Наманган вилоят партия қўмитаси котибининг хотин-қизлар билан ишлаш бўйича ўринбосари лавозимида иш бошлади. Бу вазифада у шахс ва раҳбар сифатида шаклланди, тобланди.

ТОШКЕНТ: ЯНГИ ВАЗИФАЛАР

1944 йил май ойида у Ўзбекистон Министрлар Совети қошидаги фронтга кетганларнинг оилаларини моддий ва маиший томондан таъминлаш давлат таъминоти бош бошқармасининг бошлиғи, Министрлар Совети раисининг ўринбосари лавозимига тайинланди. Унга хизмат уйи берилди. Онасини кўчириб келди. Ўзи туну кун ишлади. Озиқ-овқат, кийим-кечак, дори-дармондан иборат инсонпарварлик ёрдамларини ўзининг ҳақиқий эгаларига етказишни уддалади.

ЖЎЙЛАНГАР ФОЖИАСИ

1944 йилда Ховос (ҳозирги Жиззах вилояти Янгиобод) туманидаги Жўйлангар, Сармич, Совот, Чанговул қишлоқларида тарқалган ўлат – энцефалит юқумли касаллиги юзлаб одамларнинг ёстиғини қуритмоқда эди. Давлат ва ҳукумат раҳбари Усмон Юсупов касалликка қарши кураш комиссияси раиси сифатида Ҳалима Қодировнани танлаганини айтди. Кунига 15 – 20 одам ўлар, жами уч минг одам вафот этганди. Москвадан вирусолог олимларни чақирди. Уззу кун тинмади. Бу ишончни у юксак даражада бажарди.

ОЛИЙ СУД РАИСИ  – ЮКСАК МАҚОМ

Ҳалима Муҳитдинова 1961 йилда Республика раҳбарияти тавсияси билан Ўзбекистон Олий суди раиси ўринбосари лавозимига тайинланди. Бу вақтда устози Ҳадича Сулаймонова раис эди. Улар биргаликда Олий суд учун бино танладилар, берилган бинони мослаштирдилар, янги бино қурдирдилар. Устози 1965 йилда Олий суд янги биносини қурилишига Ҳалима Муҳитдиновага топширилди. 1977 йил Олий суд янги бинога кўчади. 1972 йил 16 ноябрда Ҳалима Муҳитдинова Ўзбекистон Олий суди раиси этиб тайинланди. Унинг бу ва бундан кейинги фаолияти кўплар учун яхши маълум ва ибратли мактаб. Қаҳрамонлар ҳақидаги ҳикоялар ҳеч қачон тугамайди. Тилдан дилга кўчиб юраверади. Бу ҳикоямизнинг давоми яна ва яна давом этади.

Раҳимжон ИРИСОВ, манбашунос-журналист.
Баҳодир МЎМИНОВ, Наманган вилояти суди матбуот котиби.

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting

Aloqador maqolalar

Сессия бўлиб ўтди

Халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгашининг навбатдаги XXIV сессияси бўлиб ўтди. Сессияда дастлаб шаҳар прокуратурасининг 2026-йилнинг учинчи чорагида қонунийликни мустаҳкамлаш...

Ҳаёти асраб қолинганлар дуосида яшайсиз, доктор!

Тиббиёт фанлари номзоди, Соғлиқни сақлаш аълочиси Тошпўлат Абдукаримов. У — нафақат Наманган вилояти, балки водий тиббиётидаги энг моҳир...

Баҳодир РАҲИМОВ, Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси раҳбари:“ТИББИЁТДАГИ ИСЛОҲОТЛАР НАТИЖАСИ — ИНСОН САЛОМАТЛИГИДА НАМОЁН БЎЛМОҚДА”

Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, тиббий ёрдам сифатини ошириш, аҳолига қулай ва замонавий тиббий хизмат кўрсатиш масалаларига алоҳида...

Хўжа амин мақбараси

Наманган шаҳрининг Чорсу ҳудуди яқинида меъморий ёдгорлик –Хўжа Амин мақбараси жойлашган. Мақбара XVIII асрнинг иккинчи ярмида, Наманган Фарғона...