Ёшлар куни муносабати билан Наманган шаҳридаги “Об ҳаёт” маҳалласи ҳудудида жойлашган Абу Али ибн Сино номидаги 1-сон техникумда пробация назоратидаги ҳамда оталиққа олинган ёшлар билан очиқ мулоқот ташкил этилди.
Учрашувда Наманган вилояти прокурори Умирбек Мадраҳимов ва Наманган шаҳар ҳокими Аюбхон Камалов иштирок этиб, ёшларнинг ҳаётда муносиб ўрин эгаллаши, бандлигини таъминлаш, касб-ҳунар эгаллаши ва тадбиркорликка йўналтириш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.
Мулоқот давомида ёшларни қийнаётган ижтимоий, ҳуқуқий ва маиший муаммолар атрофлича ўрганилди. Ҳар бир иштирокчининг мурожаат ва таклифлари диққат билан тингланиб, уларни ижобий ҳал этиш бўйича масъул давлат органлари ҳамда ташкилотлар раҳбарларига аниқ вазифа ва топшириқлар берилди.
Тадбирда пробация назоратидаги ҳамда оталиққа олинган ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, таълим олиши, меҳнат бозорида муносиб ўрин эгаллаши ва жамиятга муваффақиятли интеграциялашуви учун зарур шарт-шароитлар яратиш давлат сиёсати устувор йўналишларидан бири экани алоҳида таъкидланди.
Очиқ ва самимий мулоқот руҳида ўтган учрашув ёшларнинг муаммоларини манзилли ҳал этиш, уларнинг эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлаш ҳамда ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш йўлидаги амалий қадамлардан бири бўлди.
