Сунъий интеллект  инсон ўрнини эгаллай оладими?

Postni ulashish:

Сўнгги йилларда сунъий интеллект технологиялари жадал  ривожланиб, жамият ҳаётининг турли соҳаларига кириб бормоқда. Таълим, тиббиёт, молия тизими каби йўналишлар қаторида журналистика ҳам бу жараёндан четда қолмади. Бугун нафақат маълумотларни қайта ишлаш, балки бевосита янгиликлар тайёрлаш жараёнида ҳам бу технология қўлланилмоқда.

Дунёнинг етакчи ахборот агентликлари аллақачон бу технологиядан фаол фойдаланмоқда. Жумладан, “Associated-Press” молиявий ҳисоботлар ва спорт статистикаси асосида қисқа янгиликларни автоматик тарзда тайёрлаш тизимини йўлга қўйган. Шунингдек, «Reuters» катта ҳажмдаги маълумотларни тезкор таҳлил қилиш ва янгиликлар оқимини бошқаришда сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланмоқда. Ўзбекистонда  ҳам Lex.uz сунъий интеллект технологияларини жорий этиб, фойдаланувчиларга янада тез, самарали ва аниқ ахборот тақдим этмоқда.

Энди ўз-ўзидан савол туғилади: Сунъий интеллектнинг қандай афзалликлари, фойдали ёки аксинча  зарарли томонлари бор? Биринчидан, сунъий интеллект тезкорлиги билан ажралиб туради, вақтни тежайди. Масалан, журналистика соҳаси мисолида оладиган бўлсак, катта ҳажмдаги маълумотларни қисқа муддат ичида қайта ишлаб бера олади. Иккинчидан, аниқлик, холислик тамойилига амал қилади. Учинчидан, сунъий интеллект ёрдамида матн билан бирга турли инфограмма(инфограмма (инфографика) – бу маълумотлар, билимлар ёки ахборотни график тарзда, тез ва осон тушуниладиган шаклда тақдим этиш усулидир. Асосий мақсади — мураккаб маълумотларни оддий кўринишда, расмлар, схемалар ва қисқа матнлар ёрдамида тушунтириб бериш)лар, жадваллар, диаграмма(чизиқли кесмалар шаклида ифодаланувчи турли миқдорлар ўртасидаги муносабатни тасвирловчи чизма, график тасвир)лар ҳам яратиш мумкин. Учинчидан, инсон омили туфайли юзага келиши мумкин бўлган айрим техник хатолар камаяди. Айниқса, сайлов натижалари, биржа кўрсаткичлари ёки статистик маълумотларга асосланган янгиликларни тайёрлашда бу технология самарали восита бўлиб хизмат қилмоқда.

Бироқ масаланинг бошқа томони ҳам мавжуд. Мутахассислар сунъий интеллект ёрдамида сохта хабарлар, манипулятив материаллар ва “деепфаке” видеолар яратиш хавфи ортиб бораётганини таъкидламоқда. Бу эса ахборот маконида ишончлилик масаласини янада долзарб қилиб қўймоқда. Шунингдек, айримлар оддий янгилик тайёрлаш билан шуғулланувчи журналистларга эҳтиёж камайиши мумкинлигини ҳам қайд этмоқда.

Кўпчилик экспертлар сунъий интеллект журналист касбини тўлиқ эгаллай олмайди, деган фикрда. Сабаби, инсон тафаккури, воқеани жойидан ёритиш, таҳлилий фикрлаш ва ижодкорлик каби омиллар ҳануз журналистиканинг асосий таянчидир. Технология эса бу жараёнда ёрдамчи восита вазифасини бажаради.

  Хулоса қилиб айтганда, сунъий интеллект ёрдамида ахборотни йиғиш, таҳлил қилиш ва тақдим этиш жараёни сезиларли даражада тезлашиб, оммавий ахборот воситалари аниқ ва реал вақт режимида янгиликлар етказишга қодир бўлмоқда. Шу билан бирга, сунъий интеллект журналистларнинг ижодий ва аналитик салоҳиятини кенгайтиради, уларни маълумотларни қайта ишлашдан кўра стратегик ва интерпретатив (интерпретатив — бу бирор нарсани (матн, санъат асари, воқеа, маълумот ёки хатти-ҳаракатни) талқин қилувчи, шарҳловчи, изоҳловчи ёки маъносини тушунтириб берувчи деган маънони англатади)вазифаларга йўналтиради. Бироқ бу жараёнда ахборотнинг ишончлилиги масалалари ҳам долзарб бўлиб қолмоқда. Шундай қилиб, сунъий интеллект журналистикани шунчаки автоматлаштириш воситаси эмас, балки замонавий ахборот маконида янги маълумотлар маданияти, тезкор таҳлил ва сифатли контент яратишнинг фундаментал воситасига айланиши мумкин. Бу эса журналистиканинг келажаги ва ахборот истеъмолчиларининг онгини шакллантиришда муҳим ўрин тутади.

Азиза МУРОДАЛИЕВА,
НамДУ филология факультети журналистика йўналиши 1-босқич талабаси.

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting

Aloqador maqolalar

Сессия бўлиб ўтди

Халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгашининг навбатдаги XXIV сессияси бўлиб ўтди. Сессияда дастлаб шаҳар прокуратурасининг 2026-йилнинг учинчи чорагида қонунийликни мустаҳкамлаш...

Ҳаёти асраб қолинганлар дуосида яшайсиз, доктор!

Тиббиёт фанлари номзоди, Соғлиқни сақлаш аълочиси Тошпўлат Абдукаримов. У — нафақат Наманган вилояти, балки водий тиббиётидаги энг моҳир...

Баҳодир РАҲИМОВ, Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси раҳбари:“ТИББИЁТДАГИ ИСЛОҲОТЛАР НАТИЖАСИ — ИНСОН САЛОМАТЛИГИДА НАМОЁН БЎЛМОҚДА”

Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, тиббий ёрдам сифатини ошириш, аҳолига қулай ва замонавий тиббий хизмат кўрсатиш масалаларига алоҳида...

Хўжа амин мақбараси

Наманган шаҳрининг Чорсу ҳудуди яқинида меъморий ёдгорлик –Хўжа Амин мақбараси жойлашган. Мақбара XVIII асрнинг иккинчи ярмида, Наманган Фарғона...