Наманган шаҳрида коммунал инфратузилмани такомиллаштиришга қаратилган яна бир замонавий ечим амалиётга жорий этилди. Шаҳарнинг «Ҳуррият» кўчасида, «Уч фаввора» хиёбони яқинида ерости чиқинди сақлаш тизими ишга туширилди.
Мазкур тизим маиший чиқиндиларни тартибли ва тизимли йиғишни йўлга қўйишга қаратилган. Янги мажмуа, айниқса, кўп қаватли уйлар жойлашган ҳудудларда санитария ҳолатини яхшилашга имкон беради. Тизимда ҳар бири 500 килограммгача чиқинди қабул қила оладиган махсус контейнерлар ўрнатилган. Уларнинг умумий сиғими 3 тоннага яқинни ташкил этади.
Ерости технологияси қўлланилгани чиқиндиларнинг очиқ майдонларда тўпланиб қолишининг олдини олади, атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтиради ҳамда шаҳар қиёфасини озода сақлашга ёрдам беради. Лойиҳада замонавий техник ечимлардан фойдаланиш ҳам назарда тутилган. Хусусан, контейнерлар тўлганида масъул ташкилотларга автоматик хабар юборувчи датчикларни ўрнатиш режалаштирилмоқда. Бу эса чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқиш жараёнини самарали ташкил этиш имконини беради.
Мутахассисларнинг фикрича, бундай инфратузилма шаҳар ҳудудларида тозаликни таъминлаш, аҳоли учун қулай муҳит яратиш ва экологик маданиятни юксалтиришда муҳим аҳамиятга эга.
