«Қизларни ўқитинг – улар миллатни илмли қиладилар». Маърифатпарвар жадид боболаримизнинг бу сўзи шу кунгача жуда кўп бора ўз тасдиғини топиб улгурган. Она илмли, зиёли бўлса, фарзандлар қалбида билим олишга рағбатнинг кучли бўлиши, маърифатли она ўғил-қизларига яхши тарбия бериши ҳақидаги мисоллар ҳам жуда кўп.
Қаҳрамонимиз — филология фанлари доктори, «Олий таълим аълочиси» кўкрак нишони соҳибаси, Наманган давлат университети ўзбек тилшунослиги кафедраси профессори Ҳуриниса Усмонова ҳам ўз даврининг ўқимишли аёли қўлида тарбия топди. Волидаси Хайринисо она узоқ йиллар қишлоқ болаларининг саводи чиқиши учун ўз ҳаловатидан кечган, улар қалбида маърифат чироғини ёқа олган муаллима эди. У болаларга лотин ёзувидан дарс берарди…
- Қўшиқларда куйланган Янгиқўрғоннинг Нанай қишлоғида беғубор болалигим кечган, — дейди Ҳуриниса Усмонова суҳбатимиз бошланар экан. – Она қишлоғимнинг мафтункор манзарасини кўз олдимга келтиришим биланоқ, бу манзара орасида қишлоқ кўчаларида китоб қўлтиқлаган, одми кўйлакдаги, бошига дурра ўраган онамнинг сурати пайдо бўлаверади. Болалигимнинг бирон лаҳзаси йўқки, мен онамнинг сабоғини жон қулоғим билан тингламаган бўлсам…
Дарвоқе, зеҳни ўткир қизалоқ – Ҳуриниса ўз тенгқурлари қолиб ёши ўзидан каттароқ болалар учун ўтилаётган дарсларда ҳам ҳозир бўлар, ҳатто уларга ўз билганларини ўргатарди ҳам. Қош-кўзлари қоп-қора, юзлари эса оппоқ қизалоғининг адоғи йўқ саволларига жавоб бераркан, Хайринисо ая шундай сўзларни бот-бот такрорларди: «Илм эгаллаган одам сира камлик кўрмайди, қизим. Тўғри, бу йўлда машаққатлар кўп бўлади, бироқ астойдил интилган инсонни илм улуғликка кўтаради».
Бу сўзлар унинг шуурига ўчмас бўлиб муҳрланиб қолди. Онаси каби ўқитувчи бўлиш мақсадида 1976 йилда мактабни тугаллаб, Наманган давлат педагогика институтига ҳужжатларини топширди. Институтнинг ўзбек тили ва адабиёти факультетини имтиёзли диплом билан тамомлаган Ҳуриниса Усмоновадаги тоғ қизларига хос дадиллик, қатъият, жасоратни кўрган устозлари унга кафедрада ишда қолиш таклифини билдиришди. Шундоқ ҳам илмий изланишлар олиб бориш ниятида бўлган ёш мутахассис бу таклифга бажонудил рози бўлди. Илмий тадқиқот ишларига жиддий киришиб кетди. Устозлари уни қўллаб-қувватладилар.
- У вақтларда илмий изланишлар олиб бориш осон эмас эди, — дея сўзида давом этади олима. – Чунки машаққати кўп эди, Наманганда илмий изланиш олиб бораётган бўлсангиз, ҳимоя қилиш учун Тошкентга боришингизга тўғри келган. Ўша йилларда оилалиман, уч нафар ёш болам бор. Ҳимоягача қанча-қанча қийинчиликлар, оғир вазиятлар бўлган. Адабиётлар сони жуда кам, кутубхоналарда ўқишга берилиб кетганимдан қош қорайганини ҳам сезмай қолардим. Мени ўзбек тили ва унинг фанга маълум бўлмаган жиҳатларини очиш истаги шу қадар ром этган эдики, кўпинча чарчоқни ҳис қилмасдим. Мен оилани ҳам, илмий тадқиқот ишларини ҳам тенг олиб боришга ҳаракат қилдим. Барчасини оилам, устозларимнинг кўмаги билан уддаладим деб ўйлайман.
Ҳа, бу сидқидил меҳнатлар зое кетмади. 1992-1994 йилларда Андижон давлат университетида стажёр-тадқиқотчи сифатида фаолият юритган олима 1994 йилда «Дескрипция (мураккаб ном) ва унинг гап тузилишидаги ўрни» мавзусида номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди. 1995 йилда филология фанлари номзоди илмий даражасини ва 2001 йилда эса доцентлик унвонини олишга муваффақ бўлди. 1996-1999 йилларда Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясига қарашли Тил ва адабиёт институтида – докторантурада таҳсил олди. 2009 йилда «Ўзбек тилидаги гап бўлакларининг позицион структураси» мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилди ва 2010 йилда филология фанлари доктори илмий даражаси ҳамда 2021 йилда профессорлик унвонига сазовор бўлди.
Бу қайдлар шунчаки маълумотлар эмас, балки қанча-қанча китобларга тўкилган кўз нури, қанча уйқусиз тунлар, ўқиб-ўрганишлар, заҳматлардир аслида.
- Баъзан менда шундай тўхталишлар бўлардики, шу илмий ишни кейинроқ қилсаммикан, деган ўйга борардим, — суҳбатни давом эттиради профессор. – Аммо шу ондаёқ мени бир куч қатъият билан, тўхтамасдан олдинга ҳаракат қилишга ундарди. Бу — устозим, филология фанлари доктори, профессор Абдулҳамид Нурмонов билдирган ишонч эди. Устозим шу қадар маданиятли инсон эдиларки, мендаги ўзгаришларни пайқаган пайтларида: «Мен сизга ишонаман, албатта, ҳимоя қиласиз», дердилар. Мана шу сўз менга катта далда берарди. Докторлик ишимда эса атоқли тилшунос олим, академик Ғани Абдураҳмонов ўзининг кўмагини аямадилар. Тилшуносликда янги йўналиш пайдо бўлганини, унинг фан ривожидаги аҳамиятини эътироф этиб, устозим Абдулҳамид Нурмонов мени тўғри йўлга йўллаганини алоҳида таъкидлаб ўтган эдилар.
Профессор, вилоят «Олима аёллар» уюшмасини кўп йиллар бошқарган Ҳуриниса Усмоновани нафақат наманганлик илм аҳли, балки республикада ҳам жуда яхши танишади, устознинг илм-фан йўлидаги хотин-қизлар ўртасида ҳурмати жуда баланд. Чунки устоз шогирдларига фақатгина фан сирларини эмас, балки аёллик ва оналик бахтини асраш, бекалик ва келинлик масъулиятини англаш, фарзандлик бурчини ҳис қилиш ва жамият олдидаги вазифани қандай адо этишни ҳам ўргатади. Педагог ва фан номзодлари Нозима Қозоқова, Елена Мусаева, Сайёра Ҳамидова, Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори Манзура Абдуллаевалар ана шундай баҳоси йўқ сабоқлардан баҳраманд шогирдлардандир. Улар сафи тобора кенгаймоқда.
Не бахтки, мен ҳам устознинг шогирдларидан бириман. Устозни биринчи марта университет талабасига айланган илк кунларимда – 1994 йилнинг сентябр ойида кўрганман. Ўшанда биринчи бор қизлар мажлиси ўтказилган. Жуда гўзал, либослари ўзига чунонам ярашган, сўзларни топиб-топиб, чертиб-чертиб гапирган бу аёлнинг ҳар бир ҳаракатига маҳлиё бўлиб қолган эдик. Йиллар ўтди, лекин мендаги ва бошқалардаги ўша илк беғубор тасаввур ўзгармади, гард юқмади: устоз ҳамон барча аёллар, барча қизлар учун намуна, чин маънода ибрат…
Суҳбатимиз ниҳоясида устоз айтган бир мулоҳаза менга жуда қаттиқ таъсир қилди: «Илм, олималик оламида менга қанот берган инсонлар — бу онам ва устозларим. Биз ҳам кимларгадир қанот бўлолсак деймиз. Қай бир талаба-қиз илм йўлидан бораман деса, уни чин кўнглимдан қўллаб-қувватлагим келади. Чунки у келажакда нафақат олима, балки фарзандларнинг онаси бўлади. Илмли миллат мана шундай олтин занжир воситасида юксалади», деди улар. Нақадар самимий ва ҳақ гап…
Айтганча, профессор Ҳуриниса Усмонова яқинда 67 ёшни қарши олдилар. Куни кеча тарқалган хушхабар эса байрам арафасидаги унутилмас туҳфа бўлгани, шубҳасиз. Устозимиз Ўзбекистон Республикаси Президентининг 3 март кунидаги “8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан мукофотлаш тўғрисида”ги Фармонига биноан, II даражали «Соғлом авлод учун» ордени билан тақдирланди.
Умрингиз узоқ бўлсин, устоз. Сиз каби сурати ҳам, сийрати ҳам гўзал олималар бор экан, Ўзбекистон ёшлари, хусусан, хотин-қизлари илм йўлидан шараф ва шаҳд билан одимлайверадилар!
Шаҳло ТОШБЕКОВА.
