Муқаддас Рамазон ойи арафасида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ишлар Наманган шаҳрида ҳам изчил амалга оширилмоқда. Бу чора-тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Муборак Рамазон ойида эҳтиёжманд аҳолини давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида ташкил этилди.
Қарорга мувофиқ, шаҳарда жами 9 900 нафар фуқарога 6 миллиард 700 миллион сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ажратилди. Мазкур маблағлар манзилли ва аниқ мезонлар асосида тақсимланди. Бу эса ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимида шаффофлик ва адолат тамойиллари устувор эканини кўрсатади.
Моддий кўмак, аввало, Ижтимоий реестр маълумотлари асосида етказилди. «Давлат таъминотидаги оила» тоифасига киритилган хонадонлар, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар, шунингдек, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар тарбияланаётган оилаларга 1 миллион сўмдан бир марталик ёрдам берилди.
Шу билан бирга, «камбағал оила» тоифасига киритилган ҳамда маҳалла еттилиги томонидан шакллантирилган қўшимча рўйхат асосида аниқланган эҳтиёжманд оилаларга 500 минг сўмдан моддий кўмак ажратилди. Бу орқали аҳолининг заиф қатламларини қамраб олиш даражаси янада кенгайтирилди.
Эътиборли жиҳати шундаки, қарор ижроси фақат молиявий ёрдам билан чекланмади. Жарроҳлик амалиёти ва мураккаб даволанишга муҳтож бўлган 9 нафар фуқарога махсус тиббий ваучерлар топширилди. Ушбу ёрдам уларнинг юқори малакали тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятини кенгайтирди. Инсон саломатлигини асраш ва ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилган бундай ёндашув ижтимоий сиёсатнинг амалий натижасидир.
Шаҳардаги 59 та маҳалла фуқаролари йиғини қарор ижросини таъминлашда фаол иштирок этмоқда. Ҳар бир маҳалла кесимида эҳтиёжманд оилалар ҳолати ўрганилиб, рўйхатлар аниқлаштирилди, маблағларнинг ўз вақтида ва манзилли етказилиши назорат қилинди. Жараёнда очиқлик ва жамоатчилик назоратига алоҳида эътибор қаратилди.
Рамазон ойида амалга оширилаётган бундай манзилли кўмак нафақат оилаларнинг моддий аҳволини енгиллаштиради, балки жамиятда меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Қисқа қилиб айтганда, Наманган шаҳрида амалга оширилган мазкур чора-тадбирлар инсон қадрини улуғлаш, ижтимоий адолатни таъминлаш ва эҳтиёжмандларни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатида устувор йўналиш бўлиб қолаётганини амалда тасдиқлади.
Насимжон ЮНУСОВ.
