Бола кулгуси ҳотиржамлик рамзи

Postni ulashish:

Жамият тараққиёти, аввало, болалар соғлиги билан белгиланади. Чунки соғлом бола  соғлом оила, соғлом оила эса барқарор жамият пойдеворидир. Шу маънода, Наманган шаҳар болалар шифохонаси нафақат тиббий муассаса, балки минглаб оилаларнинг ишонч маскани, болалар кулгуси ва умидларининг таянчига айланган муҳим ижтимоий институтдир.

Мазкур шифохона бундан 34 йил аввал ўз фаолиятини бошлаган кезларда Наманган шаҳрида аҳоли сони 400 минг нафарга ҳам етмаган, шифохонада эса саноқли ходимлар ягона бўлимда хизмат олиб борган. Ўша давр эҳтиёжлари бугунги кун билан қиёсланганда, болалар тиббиётида қандай улкан йўл босиб ўтилганини яққол тасаввур этиш мумкин. Бугунги кунга келиб, Наманган шаҳри аҳолиси салкам 1 миллион нафарга етди. Бу эса болалар саломатлигини муҳофаза қилиш борасида замонавий, кенг қамровли ва юқори сифатли тиббий хизматларга бўлган эҳтиёжни янада оширди. Наманган шаҳар болалар шифохонаси ана шу эҳтиёжларга муносиб жавоб бериб, замон билан ҳамнафас ҳолда ривожланиб бормоқда. Ҳозирда муассасада 10 та даволаш ва 9 та қўшимча, жами 19 та бўлим фаолият юритади. Бу ерда 50 га яқин олий тоифали шифокорлар ҳамда 400 нафарга яқин ўрта тиббиёт ходимлари бир мақсад – болажонлар соғлигини асраш йўлида фидокорона хизмат қилмоқда. Шифохона 300 ўринга мослаштирилган бўлиб, Наманган шаҳри ва яқин туманлар аҳолиси, яъни янги туғилган чақалоқлардан 18 ёшгача бўлган болаларга малакали тиббий ёрдам кўрсатади.

Муассасанинг бугунги қиёфаси ва имкониятлари давлатимиз томонидан болалар тиббиётига қаратилаётган юксак эътибор самарасидир. Хусусан, 2019 ва 2021 йилларда давлат дастурлари асосида қарийб 32 миллиард сўм маблағ ажратилиб, шифохона тўлиқ мукаммал таъмирдан чиқарилди, моддий-техника базаси замонавий ускуналар билан бойитилди.

Даволаш ишлари бўйича бош врач ўринбосари Феруза Сапаеванинг таъкидлашича, муассаса бугун республика миқёсида етакчи болалар шифохоналаридан бири саналади:  « – Шифохонамизда малакали, замонавий билимга эга ёш тиббиёт ходимларига талаб тобора ошиб бормоқда. Шу боис қўшимча бўлимлар очиш, даволаш ўринлари сонини кўпайтириш бугуннинг долзарб вазифасига айланган».

Айни пайтда шифохонада барча тиббий хизматлар бепул йўлга қўйилган. Стационар ва амбулатор даволаниш, лаборатория текширувлари, замонавий диагностика хизматлари кафолатланган тиббий пакет доирасида амалга оширилади. Ётиб даволанаётган болалар 200 турдан ортиқ дори-дармонлар билан бепул таъминланмоқда. Мавсумга қараб, бир кунда 300 нафардан 500 нафаргача мурожаатлар келиб тушаётгани шифохонага бўлган ишонч нақадар юксак эканини кўрсатади. Муассасада электрон тизим тўлиқ жорий этилган бўлиб, беморларни рўйхатга олиш, тиббий ҳужжатларни юритиш ва назорат жараёнлари рақамлаштирилган. Бу эса навбатларни камайтириш, шаффофликни таъминлаш ва шифокор-бемор ўртасидаги мулоқотни янада самарали қилишга хизмат қилмоқда.

Жамоанинг келажаги нурли. Бош шифокор Абдусамат Исломовнинг сўзларига кўра, шифохонани кўп тармоқли болалар шифохонасига айлантириш, кардиоревматология, гематология, аллергология, нефрология бўлимларини ташкил этиш, шунингдек, шифохона қошида махсус болалар поликлиникаси очиш режалаштирилган. Бу ташаббуслар ҳудудда болалар тиббиётини янги босқичга олиб чиқиши шубҳасиз.

       Бугунги кунда шифохонанинг ЛОР, Хирургия ва бошқа бўлимларида мураккаб жарроҳлик амалиётлари мунтазам бажарилмоқда. Жумладан, аденотомия, тонзиллектомия каби қулоқ-бурун операциялари, жарроҳлик бўлимида эса қорин бўшлиғи билан боғлиқ 20 га яқин турдаги болалар амалиётлари муваффақиятли амалга оширилмоқда.

Олий тоифали оториноларинголог шифокор Иқболжон Тожибоев болаларни даволашда шифокорнинг қалб масъулиятини алоҳида таъкидлайди: – Жажжиларни даволашда, аввало, шифокор бола оғриғини қалбан ва бутун вужуди билан ҳис қилиши керак. Шундагина даво самара беради. Мен ушбу касбим ва фаолиятимдан фахрланаман, – дейди у.

Шифохонада даволаниб чиққан беморлар ва ота-оналарининг миннатдорлиги бу сўзларнинг амалий тасдиғидир. Учқўрғонлик бир она шундай дейди: «Биз ҳар йили шу ерда муолажа оламиз. Барча хизматлар бепул, шароитлар яхши, шифокорлар меҳрибон. Фарзандимиз соғайиб чиқаётганини кўриш  биз учун энг катта бахт.»

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Наманган шаҳар болалар шифохонаси бугун нафақат ҳудуд, балки бутун вилоят миқёсида болалар соғлигини таъминлашда муҳим таянч масканига айланган. Бу ерда яратилаётган шароитлар, фидокор тиббиёт ходимлари меҳнати ва узоқни кўзлаган режалар  соғлом авлод, бахтли болалик ва мустаҳкам келажак сари қаратилган эзгу мақсадларнинг амалий ифодасидир.

                                                                           Улуғбек СОБИТОВ

Наманган шаҳар тиббиёт
 бирлашмаси ахборот хизмати рахбари.

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting

Aloqador maqolalar

Сессия бўлиб ўтди

Халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгашининг навбатдаги XXIV сессияси бўлиб ўтди. Сессияда дастлаб шаҳар прокуратурасининг 2026-йилнинг учинчи чорагида қонунийликни мустаҳкамлаш...

Ҳаёти асраб қолинганлар дуосида яшайсиз, доктор!

Тиббиёт фанлари номзоди, Соғлиқни сақлаш аълочиси Тошпўлат Абдукаримов. У — нафақат Наманган вилояти, балки водий тиббиётидаги энг моҳир...

Баҳодир РАҲИМОВ, Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси раҳбари:“ТИББИЁТДАГИ ИСЛОҲОТЛАР НАТИЖАСИ — ИНСОН САЛОМАТЛИГИДА НАМОЁН БЎЛМОҚДА”

Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, тиббий ёрдам сифатини ошириш, аҳолига қулай ва замонавий тиббий хизмат кўрсатиш масалаларига алоҳида...

Хўжа амин мақбараси

Наманган шаҳрининг Чорсу ҳудуди яқинида меъморий ёдгорлик –Хўжа Амин мақбараси жойлашган. Мақбара XVIII асрнинг иккинчи ярмида, Наманган Фарғона...