Наманган шаҳридаги «Курашхона» МФЙ ҳудудида жойлашган Турон Халқаро университетида Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган навбатдаги Мурожаатномаси мазмун-моҳиятига бағишланган ўқув семинари бўлиб ўтди.
Тадбирда Наманган шаҳар ҳокими Аюбхон Камолов, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари, маҳалла фаоллари ҳамда талабалар иштирок этди. Семинарда Мурожаатномада белгиланган устувор йўналишлар, давлат сиёсатидаги асосий мақсадлар ва уларни жойларда амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Қайд этилдики, Мурожаатнома нафақат стратегик дастур, балки ҳар бир раҳбар ва масъул учун аниқ вазифа ва жавобгарлик мезонидир. Шунингдек, аҳоли билан ишлаш самарадорлигини ошириш, топшириқлар ижросини таъминлаш муҳим экани таъкидланди.
Тадбир якунида махсус ишчи гуруҳ томонидан барча маҳаллаларда кенг кўламли тарғибот ишларини олиб бориш режалаштирилгани маълум қилинди.
