Автобуслар муаммоси ҳаммамизники!

Postni ulashish:

Шаҳримизда таниқли олим Исматуллоҳ Абдуллоҳ яшаб ўтганлар. У киши шарқшунос-арабшунос эди. Ўзбекистонда юксак обрў-эътиборга сазовор бўлган. Вилоят, шаҳар ва туманларга янги раҳбар сайлангач, уларни табриклагани борардилар. Бундай учрашувларнинг кўпига мен гувоҳ бўлганман. Ҳамма ва ҳамиша илиқ кутиб олишарди. Устоз мулозимларни табриклаш билан бирга қонунимиз ва динимиз талабларини улар қалбига “юқтирардилар”. Ана шундай суҳбатларда доимо бир нарсани такрорлардилар. “Жамоат транспортини тўхтатмаслик керак. Автобус ва троллейбусни кўпайтириш керак, одамларимизнинг аксарияти камбағал. Уларни чўнтаги таксида юришни кўтармайди…”.

         Йиллар ўтди. “Қари билганни пари билмас”, деган халқ мақолининг нақадар тўғрилиги бугун айниқса яққол билинмоқда.

***

Кўз олдингизга келтирингга, иттифоқ парчаланиб вилоят автотрести, унга қарашли шаҳардаги 11-, 17- автобус саройлари, Учқўрғон, Косонсой, Ҳаққулобод автобазаларининг “ЛАЗ”, “Икарус”, “ПАЗ” ва батинкасимон автобуслари, шунингдек, “РАФ” русумли микроавтобуслар “қийшайиб”, “қалтираб”, “титраб” йўловчи таширди. Ана шундай оғир шароитларда ҳеч ким жамоат транспорти келажагини тасаввур этолмасди. Бу ўткир масала ҳар бир шаҳар ҳамда вилоятнинг биринчи даражали муаммосига айланганди…

         Ана шундай “таҳликали” кунларда кимдир оғирликни ўз елкасига олиши керак бўлди. Кўп йиллардан буён савдо иши билан кўзи пишган Борилло Муродов Давлатобод туманидаги “Яшил” бозорда бозорком эди. Унинг таъсисчилигидаги хусусий фирма 1995 йилдан савдо ва хизмат кўрсатишга ихтисослашганди. У ўзи ва фарзандлари таъсисчилигидаги хусусий фирмани “TURON – 95 MBI” МЧЖга айлантириб, аҳолига транспорт хизмати кўрсатишни ўз зиммасига олди.

Жамият 2016 йилда 100 дона  “ISUZU” русумли автобусларни олиб келиб, шаҳримиз аҳолисиганамунали хизмат кўрсатишга киришди. Корхона фаолиятини кенгайтириш мақсадида 2019 йилда “Зумар” МЧЖ тасарруфида бўлган 100 дона “ISUZU” русумли автобусларни ҳам сотиб олди.            “TURON – 95 MBI” МЧЖ балансида бўлган 200 дона автобуслар билан халқимизга намунали хизмат курсатишни давом эттирди. 2021 йилнинг июль ойида “Автотранс Косонсой” давлат унитар корхонасига қарашли бўлган 50 дона автобусларни е-аукцион электрон савдо платформаси орқали ғолиб деб топилиб, ўз балансига қўшиб олди. Шу тариқа жамият босқичма-босқич   ривожланиб бормокда.

  Муродов Борилло Эргашевич аҳолига намунали хизмат кўрсатиш, жамоат транспортини такомиллаштириш мақсадида, ишни узоқдан бошлади. Ҳамма муваффақият ходимларга – ҳайдовчиларга боғлиқ эканини яхши биларди. Аввало ишга кирувчилар учун талабни катта қўйди. Спиртли ичимликдан, тамаки маҳсулотларидан узоқ бўлган йигитларни танлади. Уларнинг муомала маданияти, сабрли бўлишлари тўғрисида қайғурди. Энг камида беш йил автобус ҳайдовчиси бўлиб ишлаган, яъни “Д” тоифали ҳайдовчиларни “чертиб-чертиб” олди. Аммо ўша вақтда “Д” тоифали ҳайдовчи гувоҳномасига эга бўлганларнинг ўзи етарли эмасдида… Шунда у ўз  маблағидан 60 нафар йигитларни ҳайдовчиликка, икки нафар ўспиринни тиббиёт соҳасига ўқитди. Ҳайриятки, уларнинг 30 нафари шу ерда ишлаб қолди, 30 нафари эса аҳдига хиёнат қилди. Ҳайдовчилик гувоҳномасини олгач “жуфтакни ростлашди”. Таъсисчи жамоа ходимлари ҳақида ўйлар экан, автосаройни ҳам замонавийлаштириш ишини баравар олиб борди. Автосаройда узоқдан қатнаб ишловчилар учун ётоқхона, ҳайдовчилар учун дам олиш хонаси бор. Ходимлар соғлиги учун икки нафар тиббиёт ходими мавжуд булиб, улар ходимлар саломатлигини кўрикдан ўтказиб, сўнг йўлга рухсат этади.

2024 йилда 250 дан ортиқ автобус билан фаолият олиб бораётган МЧЖ автосаройни янгилаш борасида изланди. Жорий йилнинг март ойида “ZONGTONG BUS HOLDING CO. Ltd”корхонасидан 30 дона,  декабрь ойида яна 30 дона, жами 60 дона замонавий автобуслар сотиб олинди.

Бу автоуловлар Хитой давлатидаги “ZHONGTONG BUSHOLDING CO. Ltd” компаниясидан  келтирилди. “ZHONGTONG BUS” нима дегани? У йўловчилар учун ниҳоятда қулай бўлган шаҳар транспорти. Кондиционер, телевизор, Wi-Fi ва телефонингиз учун электр қуввати берадиган жиҳозларга эга. Автоматик  ёстиқчали, автобекатга етгач пандусли хизмат… Бир сўз билан айтганда комфорт. Ҳар бир автобусда 12 та кузатув камераси бор. Автобуснинг ҳаракати автосаройдаги диспетчерлик хизматида, вилоят транспорт бошқармасида, вилоят транспорт бошқармаси ҳузуридаги йўловчи ташишни мониторинг ва назорат қилиш давлат муассасасида, Наманган вилояти иқтисодиёт ва молия бош бошқармасида акс этиб туради. Бир соат ичида автобусга уч марта чиқсангиз, биринчисида 2300 сўм, иккинчисида 1700 сўм, учинчиси эса текин!

МЧЖ томонидан бир кунда ҳаракатланаётган 3 та йўналиш бўйича 24 та “ZHONGTONG BUS” автобуси орқали 16 минг, “ISUZU” автобуслар орқали эса 40 минг фуқаро ўз манзилига етиб олмоқда. Бугун МЧЖда 190 дан ортиқ автобуслар мавжуд. Бу автобусларнинг бир донаси бир миллиард сўмдан олинган. Бу 30 млрд. сўмлик банк кредити дегани?! Бундан ташқари маънан эскираётган “ISUZU” автобуси ҳар бирининг 5 млрд. сўмдан кредити бор эди. Тадбиркор аҳолига намунали хизмат кўрсатиш учун янги автобуслар олиб келиш мақсадида жамиятга тегишли бўлган айрим автобусларни кредитдан бўлган қарзини қоплаш, таъмирталаб бўлиб қолганлиги, ҳамда жамият учун эҳтиёжи қолмаганлиги учун уларнинг харидорини топиб, 50 фоизини сотди. Негаки бир “ISUZU” тез-тез таъмирталаб бўлиб қолаётганлиги, бир кунлик чиқими эса 400 минг сўмдан ортиқ экани мана шуни талаб қилардида…

         Транспорт жамоаси иш ҳажмини тасаввур этиш учун қуйидаги рақамларга эътибор беринг. Бир сутка давомида Нанайга  қатнаётган  бешта автобус 1500 км. йўл босади.Тошбулоққа қатнаётган саккиз автобус эса 2160 км. йўл юради. Шунингдек, мос равишда Ҳаққулободда ўнта автобус 3000 км., Учқўрғонда олти автобус 1680 км., Мингбулоқда олти автобус 1800 км., Косонсойда олти автобус 1920 км. йўл босади. Барча йўналишларда автобус тўхташ жойи белгиланган, аммо бекатлар йўқ.

Муҳтарам мухлисларимизнинг барчаси йўловчи бўлганлигини инобатга олсак, шаҳардаги автобус хизмати уларга ҳам қизиқарли деб ўйлаймиз. “Чорсу – 3-Ахсикент” 9-йўналишида 4 та автобус, “Ҳамза – Гўзал” 10-йўналишида 8 та автобус, “Самарқанд” совхози – Бунёдкор” 14- йўналишида 4 та автобус, “Чорсу – Орзу” 16-йўналишида 10 та автобус, “Наманган – Тўрақўрғон” 17-йўналишида 12 та автобус, “Ровустон – Чорсу” 18-йўналишида 5 та автобус, “Чорсу – Лола” 21-йўналишида 6 та автобус, “Ахсикент – Партсъезд” 23-йўналишида 12 та автобус  ҳаракатланади.

Иш ҳажмидан кўриниб турибдики, масъулият ниҳоятда оғир. Ҳайдовчилар маоши шунга яраша. 15 кунда 8 миллион сўм!

***

Яқинда таҳририятимизга жамоавий мурожаат бўлди. Улар Давлатобод тумани Янги Наманган шаҳарчасидаги олий таълим даргоҳлари талабалари эди. Улар “Юксалиш” йўналишидаги автобуслар етарли эмаслигидан шикоят қилишди. Талабаларнинг аксарияти шаҳардаги ётоқхоналарда туриб, дарсга “Юксалиш” томон  қатнашар экан… Бугун “Лола – Юксалиш” йўналишини йўлга қўйиш жуда-жуда керак. Аммо аҳолининг ҳақиқий қатнов йўналишини  ўрганмай “яратилган” маршрутлар талабга жавоб бермайди. Бу йўналишлар худдики, иссиққина хонада  кашф этилгандай кундалик талабдан узоқда! 

         Шу мурожаатга ечим излаб, вилоят транспорт бошқармасида бўлдик. Сўнг жамоат автотранспорти лидерларидан бири “TURON – 95 MBI” МЧЖга келдик. Мазкур тадбиркорлик субъекти собиқ 22-автокорхона саройида жойлашган. Муштарийларимиз шуни билишлари керак. Наманган шаҳрининг 70 фоиз аҳолисига, шунингдек, Нанай, Тошбулоқ, Ҳаққулобод, Учқўрғон, Мингбулоқ, Косонсой йўналишидаги йўловчиларга айнан “TURON – 95” хизмат кўрсатади. Демакки, жамоанинг ютуғини кўрсатиш, муаммосини ҳал этиш учун жамоатчилик фикрини уйғотишни ўз вазифамиз деб билдик.

Муаммо: “ZHONGTONG BUS”нинг бир кунлик чиқими қарийб 2,5 млн. сўм! Мисол учун 700 минг сўмлик газ қуйилади… Автобусни йўлга кузатдик. Йўлда уни қандай хавф-хатар кутмоқда, бу Оллоҳгагина аён. Мисол учун унинг олдида, ёнида, орқасида доимо “Дамас” “йўл талашади”. Олддаги йўловчига тўхтаган “Дамас” ўрнини  автобус ёнидаги “Дамас” эгаллайди. Орқасидаги “Дамас” эса ёнига ўтади. Бу пайдар-пай йўловчи талашиш қачонгача давом этади?! Ахир Тошкент ва Самарқанд шаҳарлари йўллари “Дамас”дан тўла фориғ этилганку. Нега, бизда бунинг иложи йўқ.

Ечим: “ZHONGTONG BUS” автобусининг узунлиги 9,5 метр. Унинг “габарити” ҳам  шунга яраша. Шунинг учун “А” йўл чизиғини тўла “очиб” қўйиш, йўлларга квота бериш жуда-жуда муҳим. Квота деганимиз шуки, маълум йўналиш бўйича йўловчилар миқдорини ҳисобга олиб, нечта автобус, нечта “Дамас”, нечта такси юриши қатъий белгилаб берилиши жоиз. Шунга яраша якка тартибдаги “Дамас”чиларга рухсат – лицензияси берилиб, ортиқчасини рад этиш керак. Бусиз бугун комфорт, замонавий деб айтаётган “ZHONGTONG BUS” эртага бир замбил темирга айланиши мумкин.

Муаммо: 6-сонли “Чорсу (Зирабулоқ) – Машад” йўналишидаги асфальт ниҳоятда сифатсиз. Йўл четидаги дарахтлар қатновга жиддий ҳалал бермоқда. Пиёдалар учун бекат белгиси бор, аммо бекатнинг ўзи йўқ. Ноқонуний “Дамас”лар ҳаракатига чек қўйилмаяпти. Оқибатда йўловчи оқими  ниҳоятда кам. Бу йўналишда на ҳайдовчи учун, на йўловчи учун шароит бор?! Бунинг натижасида кунлик тушум 25 фоизни ҳам ташкил этмаётир. Оқибатда Республика бюджетидан олинадиган маблағ тобора ортмоқда.

Ечим: 6-сонли “Чорсу (Зирабулоқ) – Машад” йўналиши автобусининг маршрутига ўзгартириш киритиш керак. Машад гузарига кирмай “Чорсу (Зирабулоқ) – Ўнҳаёт” бекати йўналишига рухсат этиш зарур. Шунингдек, асфальт йўлларни таъмирлаш, кўча ёқасидаги дарахтларни буталаш, ноқонуний “Дамас” автомобиллари ҳаракатини чеклаш жуда-жуда керак.

***

Бугун “TURON – 95 MBI” жамоаси “бўйига ва энига” кенгайиб бормоқда. Ҳозирда 30 нафар идора ходими, 300 нафар ҳайдовчи ишлашади. Шунча инсоннинг оиласида қозон қайнаб, оила аъзолари фаровон экан, бунда автожамоа раҳбари ва унинг атрофидаги дастёрларни меҳнати, хизмати катта. Ана шуларнинг бири иш бошқарувчи-ижрочи раҳбар Авазбек Сирожиддиновдир. У транспортларнинг соат милларидай  аниқ ва тиниқ ишлаши учун масъул. Бунгача эса не-не юмушлар унинг “қўлидан ўтади”.

-Раҳбаримиз Борилло ака ҳамма масалага жиддий ва ғамхўрлик билан муносабатда  бўлади, – дейди у. – Таъсисчининг фикрича ҳар бир муаммонинг  ортида тирик жон бор. Бугун у киши автосаройни янада замонавийлаштириш режасини тузмоқда. Бизда техник кўрик учун тўла шароит бор. Замонавий ювиш жиҳозлари бор. 2026 йилнинг иккинчи чорагида 100 дона электробус келтирилади. Бу билан замонавий автобусларимиз 160 тага етади. Электробуслар учун қувватлаш шохобчаси қурилади. Яна 250 нафар ҳайдовчини ишга қабул қилишимиз керак.

…Борилло Муродов  ўйчан хаёлда келажакни чамалайди: “Ҳар ойда давлат бюджетидан фуқаролар йўлкирасининг етишмовчилиги – қарийб бир миллиард сўм тўлаб  бериляпти. Қачонгача? Бунинг охири бўлиши керакку. Шунинг учун замонавий  автобусга яраша замонавий шароит ҳам керак…”.

Ҳа, буни маҳаллий ҳокимлик, тегишли давлат тузилмалари билан қонуний ҳал этиши керак. Мақолада  келтирилган муаммолар юзасидан амалга оширилган ишларга биз яна қайтамиз.

Раҳимжон ИРИСОВ,
«Наманган садоси» газетасининг махсус мухбири.

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting

Aloqador maqolalar

Сессия бўлиб ўтди

Халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгашининг навбатдаги XXIV сессияси бўлиб ўтди. Сессияда дастлаб шаҳар прокуратурасининг 2026-йилнинг учинчи чорагида қонунийликни мустаҳкамлаш...

Ҳаёти асраб қолинганлар дуосида яшайсиз, доктор!

Тиббиёт фанлари номзоди, Соғлиқни сақлаш аълочиси Тошпўлат Абдукаримов. У — нафақат Наманган вилояти, балки водий тиббиётидаги энг моҳир...

Баҳодир РАҲИМОВ, Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси раҳбари:“ТИББИЁТДАГИ ИСЛОҲОТЛАР НАТИЖАСИ — ИНСОН САЛОМАТЛИГИДА НАМОЁН БЎЛМОҚДА”

Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, тиббий ёрдам сифатини ошириш, аҳолига қулай ва замонавий тиббий хизмат кўрсатиш масалаларига алоҳида...

Хўжа амин мақбараси

Наманган шаҳрининг Чорсу ҳудуди яқинида меъморий ёдгорлик –Хўжа Амин мақбараси жойлашган. Мақбара XVIII асрнинг иккинчи ярмида, Наманган Фарғона...