“МАРКАЗИЙ ОСИЁ – ХИТОЙ”: ЯНГИ ГЕОИҚТИСОДИЙ АРХИТЕКТУРА

Postni ulashish:

Бугунги кунда дунё тарихида навбатдаги бурилиш нуқталари кузатилмоқда – геосиёсий қарама-қаршиликлар авжига чиққан, глобал иқтисодиётда кескин узилишлар ва етказиб бериш занжирларининг издан чиқиши, иқлим ўзгариши, технологиялар бўйича глобал рақобат кучайган бир пайтда халқаро муносабатлар тубдан ўзгармоқда. Ана шундай мураккаб ва алғов-далғовли шароитда жорий йилнинг 17 июнь куни Қозағистоннинг Остона шаҳрида ўтган “Марказий Осиё – Хитой” иккинчи саммити нафақат минтақавий, балки жаҳон миқёсида ҳам сиёсий-иқтисодий барқарорликни таъминлашга қаратилган муҳим ташаббуслар майдонига айланди.

Саммитда Хитой ва Марказий Осиёнинг бешта давлати етакчиларининг иштирок этиши, дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлаш, янги иқтисодий ва технологик воқеликка мос стратегик йўлларни белгилаш борасидаги келишувлари минтақа учун муҳим тарихий бурилиш нуқтаси бўлди. Саммит жараёнида кўтарилган масалалар – транспорт-транзит алоқалари, рақамли инфратузилма, сунъий интеллект, “яшил” энергетика, фан, таълим ва маданият соҳаларидаги ҳамкорлик – келажакда Евроосиё маконида барқарор тараққиётни таъминлашда ҳал қилувчи ўрин тутади.

Мазкур анжуман аввалида муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин ўртасидаги музокаралар икки мамлакат муносабатларида мутлақо янги саҳифани очди. Бу учрашув нафақат икки давлат ўртасидаги мустаҳкам стратегик шерикликни, балки минтақавий ва глобал миқёсдаги тенденцияларни шакллантиришда муҳим ўрин тутаётганини яна бир бор тасдиқлади.

Музокаралар чоғида давлат раҳбарлари сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги муносабатлар барча соҳаларда юқори динамика билан ривожланаётганини таъкидладилар. Ўзаро ишонч, сиёсий ирода ва мустаҳкам институционал механизмлар ҳамкорликнинг узоқ муддатли ва барқарор эканини намоён этмоқда.

2024 йилда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 14 миллиард долларга етди. Бу натижа нафақат икки томонлама иқтисодий алоқаларнинг фаоллигини, балки уларнинг сифат жиҳатидан ҳам юксалиб бораётганини кўрсатади.

Инвестиция лойиҳалари портфели 60 миллиард доллардан ошиб, энергетика, саноат, инфратузилма, транспорт ва рақамли иқтисодиёт соҳаларини қамраб олмоқда. Хусусан, «BYD» электромобиллари ишлаб чиқариш, “яшил” энергетика ва сунъий интеллект каби стратегик тармоқлардаги ҳамкорлик нафақат иқтисодий, балки технологик суверенитет нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Ҳар қайси соҳа ривожи асосида таълим ётади. Шундай экан, таълим ва фан соҳасидаги ҳамкорлик – икки мамлакатнинг узоқ муддатли тараққиёти учун асосий омил бўлиб бормоқда. Урганч шаҳрида Пекин университети билан Халқаро математика марказининг ташкил этилиши ва Хитойнинг қишлоқ ва ўрмон хўжалиги университети филиали – бу илмий интеллектуал ечимлар учун янги экотизимнинг барпо этилаётганидан дарак беради.

Бунда хитой тилини ўрганиш, академик алмашинувлар ва кадрлар тайёрлаш соҳаларидаги ҳамкорлик, Ўзбекистон ёшларининг глобал рақобатга киришишини таъминлашда муҳим кўрсаткич бўлиб хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон ва Хитой ижтимоий соҳада ҳам ўзаро фойдали алоқаларни кучайтирмоқда. Хусусан, камбағалликка қарши курашиш масалаларида Хитойнинг тажрибаси, унинг институционал ечимлари ва молиявий механизмлари юртимизда ижтимоий барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Икки давлат етакчиларининг амалий ҳарактердаги учрашувлари ўзбек ва чин юрти ўртасидаги муносабатлар энди оддий икки томонлама ҳамкорлик эмас – у глобал геосиёсий ва геоиқтисодий жараёнларни шакллантираётган стратегик тузилмага айланмоқда. Халқаро сиёсий беқарорлик, иқтисодий турбулентлик ва технологиялар учун кураш шароитида бундай иттифоқлар нафақат давлатларнинг тараққиёти, балки бутун минтақанинг барқарорлиги таъминловчи устувор воқеликдир.

“Марказий Осиё – Хитой” саммити: Янгича хавфлар соясида янгиланган стратегик мулоқот

Остона шаҳри геосиёсий миқёсда муҳим воқеликка гувоҳ бўлди – Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев раислигида ўтган “Марказий Осиё – Хитой” иккинчи саммити нафақат минтақавий, балки глобал аҳамиятга эга масалаларни қамраб олган ҳолда, келажакка қаратилган стратегик мулоқот майдонига айланди.

Саммитда Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин, Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон президентлари иштирок этдилар. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг нутқи ҳозирги глобал сиёсий бурилиш палласида рационал фикр ва мувозанатли ёндашув намунаси бўлди.

2023 йилдаги Сиань саммитидан сўнг бу форматдаги ҳамкорлик институционал даражага кўтарилди. Саммит котибиятининг ташкил этилиши, вазирлар ва мутахассислар даражасидаги мунтазам учрашувлар механизмларининг йўлга қўйилиши — минтақавий интеграция жараёнида мутлақо янги босқични англатади.

Бу жараёнлар нафақат иқтисодий ва техник ҳамкорликни чуқурлаштиради, балки минтақадаги барқарорлик ва сиёсий уйғунлик учун қўшимча кафолат сифатида намоён бўлади. Умуман, “Марказий Осиё – Хитой” формати ўзини халқаро муносабатларда янги модел – “мувозанатли кўп томонлама шериклик” сифатида кўрсатмоқда.

2025 йил охирига қадар Хитой ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 100 миллиард долларга етиши кутилмоқда. Бу рақамлар ортида кенг кўламли саноат кооперацияси, инфратузилмавий ҳамкорлик, “Белбоғ ва йўл” ташаббуси доирасидаги лойиҳалар турибди.

Мамлакатимиз учун бу ҳамкорлик Хитойнинг инвестицион имкониятлари ва технологиялари орқали иқтисодий диверсификацияни тезлаштиришга хизмат қилмоқда. Хусусан, транспорт, логистика ва “яшил” энергетика соҳаларидаги чуқур интеграция Ўзбекистоннинг геоиқтисодий позициясини мустаҳкамлашда ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.

Саммитда Президентимиз Шавкат Мирзиёев халқаро вазиятга теран баҳо берди. У глобал сиёсий мувозанат издан чиқиб, турли нуқтада зиддият ва урушлар авж олаётган, хавфсизликнинг ўзига хос қоидалари эса қайта кўриб чиқилаётган бир пайтда, ҳар қандай зиддиятни фақат тинч йўл билан, музокаралар орқали ҳал қилиш зарурлигини қатъий таъкидлади.

Бу нуқтаи назар ўз ичига нафақат Ўзбекистоннинг ташқи сиёсат доктринасини, балки минтақада барқарорлик ва суверенитетни ҳимоя қилишга қаратилган янги мувозанат сиёсати тамойилларини қамраб олади.

Саммит доирасида қабул қилинган “Абадий яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисида”ги шартнома тарихий аҳамиятга эга. Бу шартнома – келгусидаги ҳар қандай геосиёсий ўзгаришларга қарамай, Марказий Осиё ва Хитой ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳуқуқий ва сиёсий кафолатини таъминлайдиган муҳим ҳужжатдир.

Давлатимиз раҳбари томонидан уни ривожлантириш мақсадида «Узоқ муддатли шериклик концепцияси» ишлаб чиқиш таклифи илгари сурилди. Бу ҳужжат институционал, иқтисодий, экологик ва гуманитар йўналишларда ҳамкорликни стратегик режалаштириш имконини яратади.

Мана шундай муҳим йўналишлардаги йирик лойиҳаларни амалиётга жорий этишга қаратилган ушбу саммит нафақат дипломатик мулоқот майдони, балки иқтисодий, технологик ва инфратузилмавий уйғунликни амалийлаштириш учун йирик платформалардан бирига айланганини намоён қилди.

Иқтисодий тараққиётдаги янги локомотив

Муҳтарам Президентимиз таъбирлари билан айтганда, Хитой билан ҳамкорлик Марказий Осиё мамлакатлари учун ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг реал драйверига айланмоқда. Хитойнинг саноатдаги етакчилиги ва Марказий Осиёнинг ўсиб бораётган иқтисодий салоҳияти бирлашганда, трансформация салоҳиятига эга янги минтақавий иқтисодий кластер юзага келади.

Бу ҳамкорлик – жаҳон иқтисодиётидаги “Янги Ипак йўли” концепциясининг амалдаги тасдиғи сифатида қаралмоқда. Хусусан, Хитойнинг технологиялар, инвестиция ва таълим соҳасидаги имкониятлари Марказий Осиё мамлакатларининг ички таркибий ислоҳотларини тезлаштиришда муҳим вазифа сифатида намоён бўлмоқда.

Марказий Осиё ва Хитой ўртасида транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш — жаҳон савдоси ва логистикасининг янги географиясини шакллантиришда ҳал қилувчи омилга айланмоқда. Ўзбекистон етакчиси таъкидлаганидек, бугунги кунда “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли қурилиши фақат бир инфратузилмавий лойиҳа эмас, балки Евроосиё маконида янги транзит ўқи сифатида қаралмоқда.

“Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли – яқин тарихдаги реал стратегик бурилиш, албатта. Ушбу йўл нафақат Хитой товарларини Марказий Осиё орқали Яқин Шарқ, Жанубий Осиё ва Европа бозорларига олиб чиқиш имкониятини яратади, балки Ўзбекистоннинг логистика хаби сифатидаги позициясини мустаҳкамлайди. Бу транспорт коридори бевосита “Белбоғ ва йўл” ташаббусининг амалий ифодаси бўлиб, минтақанинг геоиқтисодий салоҳиятини очишда асосий драйверга айланади.

Давлатимиз раҳбари томонидан транспорт соҳасига доир илгари сурилган энг муҳим таклифлардан бири – амалий тадқиқотларга асосланган ягона транспорт ва транзит инфратузилма харитасини ишлаб чиқиш зарурлигидир. Бу қадам аниқ маълумот ва таҳлилларга таянилган ҳолда, тўғри инвестиция ва йўналишларни белгилаш имконини яратади.

Ўзбекистон етакчиси томонидан билдирилган транспорт соҳасида синов лойиҳаларини амалга ошириш ва экспертлар гуруҳини шакллантириш таклифи – минтақавий интеграцияни “қоғоздан амалиётга” ўтказишга хизмат қилади. Бу ташаббус мамлакатлар ўртасидаги инфратузилма мослашувини кучайтириш ва логистика тизимини замон талабларига мослаштириш имконини беради.

 Экологик мувозанат: инфратузилма ривожи билан ёнма-ён

Саммит доирасида муҳокама қилинган яна бир муҳим масала – глобал иқлим ўзгариши шароитида барқарор ривожланиш моделларини ишлаб чиқиш бўлди. Иқлим муаммолари Марказий Осиёда иқтисодий барқарорликка жиддий таҳдид солаётгани алоҳида таъкидланди.

Ўзбекистон томони ушбу дастурни яқин фурсатда қабул қилиш ва уни минтақавий стратегик ҳужжат сифатида кўриб чиқиш тарафдори. Бу ташаббус жумладан қуёш ва шамол энергетикаси, сув тежамкор технологиялар, агроэкология ва “яшил” саноатни қамраб олади.

Президентимиз томонидан чўлланиш, ер деградацияси ва қурғоқчиликка қарши кураш масалалари бўйича Экологик альянс тузиш таклифи – минтақанинг иқлим муаммоларига жавобан ҳамкорликка асосланган ечимлар таклиф этишининг рамзий ифодасидир. Бундай альянс илмий салоҳият, молиявий ресурслар ва сиёсий иродани бирлаштириб, экологик барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, сунъий интеллект ва рақамли технологиялар бугунги кунда миллий иқтисодиётларнинг рақобатбардошлиги ва барқарор ўсиш суръатларини белгилаётган асосий драйверлардир. Бу соҳага стратегик ёндашув минтақада иқтисодий ва технологик суверенитетни мустаҳкамлайди.

Катта маълумотлар ва процессинг марказлари – рақамли иқтисодиёт учун “иқтисодий пульс” демак. Ўзаро интеграцияланган банк тизими ва маълумотлар марказлари нафақат молиявий операцияларни тезкорлаштиради, балки киберхавфсизлик, таҳлил, прогностик моделлаштириш имкониятларини кенгайтиради. Бу инфратузилмавий асосга эга рақамли иқтисодиётнинг пойдеворидир.

“Марказий Осиё – Хитой” оптик толали рақамли трасса – георақамли интеграция тамсили. Рақамли алоқа инфратузилмасини барпо этиш таклифи – минтақавий IT бозорининг яхлит, узлуксиз ва хавфсиз фаолияти учун муҳим асос. Бу нафақат маълумотлар узатиш тезлигини оширади, балки трансчегаравий рақамли хизматлар экспортини ҳам таъминлайди.

Ўзбекистон етакчиси таъкидлаганидек, рақамлаштириш нафақат иқтисод, балки маънавият, илм ва маданият соҳаларида ҳам интеграция воситасига айланмоқда. Шу нуқтаи назардан, “Ипак йўли маданий мероси” рақамли портали ташаббуси – маданий дипломатиянинг янги шаклидир.

Бу портал Хитой ва Марказий Осиё халқларининг бой тарихий мероси, маданияти ва турмуш тарзини жаҳон жамоатчилигига намоён этиш билан бирга, тадқиқотчилар, ёзувчилар, дизайнерлар, кинематографлар учун ҳам илҳом манбаи бўлади.

Марказий Осиё – Хитой муносабатларидаги янги босқич – бу фақат товар айирбошлаш ёки инфратузилма қуриш эмас. Бу – рақамли тармоқлар орқали фикр алмашиш, инновацияни биргаликда яратиш, маданиятни электрон форматда муҳофаза қилиш ва келгуси авлод учун умумий интеллектуал мерос шакллантиришдир.

Ҳукуматлараро ташрифларни енгиллаштириш, маданий тадбирлар, фестиваллар ва таълимий алмашинувлар — икки минтақа аҳолисини нафақат иқтисодий, балки ижтимоий ва инсонпарварлик нуқтаи назаридан яқинлаштиришга хизмат қилади.

Ўзбекистон томонидан илгари сурилган ташаббуслар ва таклифлар нафақат минтақа учун, балки кенг халқаро ҳамкорлик учун ҳам универсал қийматга эга. Улар иқтисодий манфаат билан бирга, сиёсий барқарорлик, технологик тараққиёт ва маданий яқинлашув каби кўп қиррали мақсадларга хизмат қилади.

“Марказий Осиё – Хитой” формати бугун янги шаклда – умумий тараққиёт, инфратузилмавий боғлиқлик ва интеллектуал шериклик негизида мустаҳкамланмоқда. Ушбу стратегик шериклик формати келажакда Евроосиё маконидаги энг таъсирли ва муваффақиятли ҳамкорлик моделларидан бирига айланиши мумкин.

“Марказий Осиё – Хитой” формати минтақада барқарорликни таъминлаш, хавфсизликни кучайтириш ва иқтисодий тараққиётни амалга оширишда бетакрор механизм сифатида шаклланиб бормоқда. Бугунги дунёда куч ишлатиш эмас, балки сиёсий ирода, дипломатик маданият ва ўзаро манфаатларни тан олишга асосланган ҳамкорлик барқарор келажакни таъминлаш кафолатидир.

Ўзбекистоннинг бу жараёндаги иштироки – фақат иштирок эмас, балки фаол ташаббускор сифатида, минтақавий интеграцияни амалий мазмун билан бойитишга қаратилган ҳаракатлар мажмуасидир. Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан билдирилган мулоҳазалар эса минтақавий етакчиликнинг масъулиятли, конструктив ва юксак тараққиёт моделини намоён этмоқда.

Улуғбек РЎЗИМАТОВ,
Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси аъзоси,
“Наманган садоси” газетаси бош муҳаррири

Aloqador maqolalar

Сессия бўлиб ўтди

Халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгашининг навбатдаги XXIV сессияси бўлиб ўтди. Сессияда дастлаб шаҳар прокуратурасининг 2026-йилнинг учинчи чорагида қонунийликни мустаҳкамлаш...

Ҳаёти асраб қолинганлар дуосида яшайсиз, доктор!

Тиббиёт фанлари номзоди, Соғлиқни сақлаш аълочиси Тошпўлат Абдукаримов. У — нафақат Наманган вилояти, балки водий тиббиётидаги энг моҳир...

Баҳодир РАҲИМОВ, Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси раҳбари:“ТИББИЁТДАГИ ИСЛОҲОТЛАР НАТИЖАСИ — ИНСОН САЛОМАТЛИГИДА НАМОЁН БЎЛМОҚДА”

Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, тиббий ёрдам сифатини ошириш, аҳолига қулай ва замонавий тиббий хизмат кўрсатиш масалаларига алоҳида...

Хўжа амин мақбараси

Наманган шаҳрининг Чорсу ҳудуди яқинида меъморий ёдгорлик –Хўжа Амин мақбараси жойлашган. Мақбара XVIII асрнинг иккинчи ярмида, Наманган Фарғона...